Бахтиёр Саидов ТДТ Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашди
Олам
−
21 Май
2151Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий саммити доирасида бугун, 21 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашувга Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто мезбонлик қилди. Унда Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов, Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва ТДТ Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев иштирок этди.
Вазирлар “Шарқ ва Ғарбнинг учрашиш нуқтаси” мавзусида ўтказилган норасмий саммитда давлат раҳбарлари томонидан муҳокама қилинадиган асосий кун тартиби масалалари юзасидан фикр алмашди. Бош котиб Ўмуралиев йиғилганларни Бишкек саммитидан буён ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди ҳамда Саммитга таклиф этилган ҳужжатлар ва мавзуларни тақдим этди.
Вазирлар Туркий Давлат Ташкилотининг инклюзив мулоқот, минтақавий алоқа ва умумий фаровонлик учун стратегик платформа сифатидаги муҳимлигини қайд этди. Улар транспорт, савдо, энергетика, рақамлаштириш, таълим ва маданий мерос каби устувор йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, улар ТДТнинг Будапештдаги ваколатхонасининг муҳим ролини қайд этган.
Учрашув, шунингдек, амалга оширилаётган қўшма ташаббусларни кўриб чиқиш ва туркий давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш механизмларини баҳолаш имконини бергани айтилмоқда.
Учрашувда вазирлар қуйидаги ҳужжатларни имзолади:
• “Туркий давлатлар ташкилотининг Венгриядаги ваколатхонаси ижрочи директорини тайинлаш тўғрисида”ги қарор;
• “Турк Академиясида Шимолий Кипр Турк Республикасига кузатувчи мақомини бериш тўғрисида қарор”.
Бироқ йиғинда Туркий давлатлар ташкилотининг яна икки кузатувчи аъзоси – Туркманистон ва (тан олинмаган) Шимолий Кипр Турк Республикасидан вакил иштирок этмаган.
LiveБарчаси
17 Июнь