Бахтиёр Саидов Қозоғистон Президенти билан учрашди
Жамият
−
20 Февраль
4289Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остона шаҳридаги Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Қайд қилинишича, ўзаро суҳбатда икки давлат ҳамкорлиги юқори суръатда ривожланиб бораётгани таъкидланган. Жумладан, Тўқаев Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан муносабатларини янада мустаҳкамлаши устувор вазифалардан бири эканлигини айтиб ўтган.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қўшган салмоқли ҳиссасини эътироф этиб, Қозоғистон минтақа халқлари фаровонлиги йўлида Ўзбекистон ташаббусларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш муҳимлиги таъкидланган.
Қозоғистон Президенти Ўзбекистон томонининг Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришдаги иштироки ўзаро манфаатли эканлигига эътибор қаратган.
Шу билан бирга, Тўқаев Қозоғистон Дарбоза-Мақтараал темирйўл линияси қурилиши бошлангани, кейинчалик у Ўзбекистон чегарасигача етиб бориши, бу эса юк ташиш ҳажми ошишига ёрдам беришини айтиб ўтган.
Бундан ташқари, суҳбат чоғида сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ва Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь