Бағдод аэропортига олтита ракета учирилди
Олам
−
29 Январь 2022
9695Бағдод халқаро аэропорти кеча, 28 январь куни ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда Ироқ хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб хабар берилган.
Таъкидланишича, аэропортга олтита ракета учирилган. Барча снарядлар учиш-қўниш йўлаги ва аэропорт биноси яқинига тушгани айтилмоқда. Ироқ хавфсизлик кучлари матбуот хизматининг тушунтиришича, ҳодиса натижасида тураргоҳда бўлган Iraqi Airways компаниясига тегишли икки фуқаролик авиалайнери шикастланган. Воқеа юзасидан чуқур тергов олиб борилмоқда.
Шунингдек, Бағдоднинг ғарбидаги Абу-Ғрайб ҳудудида аллақачон ўққа тутилган ракета ва учирилиш учун тайёрланган учта ракета топилган. Баёнотда бу ҳужум “Ҳукуматнинг Ироқнинг минтақадаги ролини тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказишга қаратилган террорчилик ҳаракати” деб аталган. Ҳужум учун баъзи “террорчи тўдалар” масъуллиги айтилган.
Ўз навбатида, Ироқ ҳаво йўллари ҳодиса Бағдод аэропорти ишига таъсир қилмагани, ички ва халқаро рейслар одатдагидек амалга оширилаётганини маълум қилган.