Баффет 50 млрд доллар йўқотди
Олам
−
03 Май 2020
7547Америкалик тадбиркор ва инвестор Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway холдинг компанияси биринчи чоракда COVID-19 коронавирусининг тарқалиши оқибатида 50 миллиард доллар зарар кўрди. Бу ҳақда компаниянинг корпоратив ҳисоботида маълум қилинди.
31 март куни якунланган уч ойлик даврда Berkshire Hathaway 49,7 миллиард доллар миқдорида соф зарарни қайд этди. Ўтган йилнинг шу даврида компания 21,7 миллиард доллар фойда кўрган эди. CNBC ва CNN маълумотларига кўра, Berkshire Hathaway ҳеч қачон бундай катта йўқотишлар ҳақида хабар бермаган.
“Коронавирусга қарши кураш доирасида қабул қилинган чора-тадбирлар март ойида ишимизга сезиларли таъсир кўрсатди. Бу нарса иккинчи чоракдаги ишларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, дейилади баёнотда.
Маълумот ўрнида, Berkshire Hathaway ўнлаб компанияларда катта улушларга эгалик қилади. Улар орасида Американинг етакчи авиакомпаниялари, банклари ва турли техникалар ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Вируснинг тарқалиши АҚШ иқтисодиётига жиддий зарар етказди ва кўплаб компаниялар акцияларининг нархининг сезиларли даражада пасайишига олиб келди.
Bloomberg агентлигининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Уоррен Баффет дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида бешинчи ўринда туради. Унинг бойлиги 72 миллиард долларга баҳоланмоқда, шу йил бошидан буён унинг пуллари 17 миллиард долларга камайди.
LiveБарчаси