БААда Эронга алоқадор террорчи ташкилот йўқ қилинди
Олам
−
11:40 2090 2 дақиқа
Кеча, 20 апрель куни Абу-Дабида Давлат хавфсизлик хизмати Эроннинг “Вилоят ал-фақиҳ” тизими билан алоқадор террор ташкилотининг аъзоларини қўлга олди. Бу ҳақда “Emirates News Agency” хабар берди.
Қайд этилишича, улар миллий бирликка путур етказиш ва давлат барқарорлигини издан чиқаришга қаратилган яширин фаолият билан шуғулланган. Мамлакат ҳудудида режалаштирилган террорчилик ва саботаж ҳаракатларини амалга оширишни кўзлаган.
Терговлар жараёнида ташкилот аъзолари ички хавфсизликка таҳдид солувчи экстремистик ва террористик ғояларни қўллаб-қувватлаган. Улар яширин учрашувлар орқали одамларни ўз сафига жалб қилиш ва ёллаш ишларини олиб борган. Ташқи кучлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда муҳим объектларга кириб боришни мақсад қилган.
Шунингдек, ташкилот аъзолари мамлакат ичида ва ташқарисида яширин йиғилишлар ўтказиб, шубҳали террорчи гуруҳлар билан алоқада бўлгани аниқланган. Улар ёшларни чалғитувчи ғоялар билан таъсирлаш, уларни хорижий кучлар манфаатларига хизмат қилишга ундаш, давлатнинг ташқи ва ички сиёсатига қарши тарғибот олиб бориш ҳамда мамлакат обрўсини пасайтиришга уринган. Бундан ташқари, ноқонуний йўллар билан маблағ йиғиб, уни шубҳали хорижий ташкилотларга юборган.
Ташкилот аъзоларига қўйилган айбловлар орасида яширин ташкилот тузиш ва уни бошқариш, хорижий кучларга садоқат билдириш, миллий бирлик ва жамият тинчлигига зарар етказиш каби жиноятлар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Исроилнинг Моссад разведка хизмати фойдасига жосуслик қилганликда айбланган эркакни қатл этганди.
Live
Барчаси