БАА Президенти Путин билан учрашди (видео)
Олам
−
21 Октябрь
5836Қозондаги BRICS саммити тадбирларида иштирок этиш учун Россияга борган Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён бугун, 21 октябрь куни Президент Путин билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Кремль томонидан эълон қилинган видеоёзувдан олинган парчага кўра, музокаралар икки давлатнинг ҳукумат вакиллари иштирокида кенгайтирилган таркибда ўтмоқда. Учрашув давомида томонлар Россия-БАА ҳамкорлигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини, халқаро кун тартибидаги масалаларни, жумладан, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги вазиятни муҳокама қилган.
БАА раҳбари ташрифининг расмий дастури бугун, 21 октябрь куни бошланди. Россияга ушбу сафари доирасида у, жумладан, 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммити тадбирларида иштирок этади. Бир кун аввал Кремль матбуот хизмати Путин БАА Президентини Москва яқинидаги Ново-Огарёво қароргоҳида норасмий кечки овқат учун қабул қилгани ҳақида хабар берган эди. Унда Россия раҳбари икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига мос эканини, товар айирбошлаш ҳажми сўнгги уч йилда уч баробарга ошганини таъкидлаган.
Путин, шунингдек, БАА раҳбарига Украинадаги можаро доирасидаги гуманитар муаммоларни ҳал қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков икки давлат раҳбарларининг Ново-Огарёводаги норасмий учрашуви деярли ярим тунгача давом этганини айтди. Унинг сўзларига кўра, президентлар ўртасидаги мулоқот бир қатор масалалар бўйича “жуда шиддатли”, конструктив ва ишончли ўтган.
Россия Президенти Москва ва Абу-Даби ўртасидаги бундай муносабатларни Шайх Муҳаммаднинг шахсий хизматлари деб атади. Икки давлат раҳбарлари мунтазам алоқаларни давом эттирмоқда – Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён президентлиги бошланганидан буён улар бир-бирига кўп марта қўнғироқ қилган ва уч марта шахсан учрашган. Охирги учрашув Путиннинг БААга ташрифи чоғида бўлган.
Россия 2024 йилда BRICSʼга раислик қилади. Бу йил ассоциацияга Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Саудия Арабистони қўшилди. BRICS таркибига Россия Федерацияси, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка ҳам киради.
30 дан ортиқ давлат раҳбарлари BRICSʼнинг 16-саммитида иштирок этишини аллақачон тасдиқлаган. Саммитда Янги Тараққиёт Банки президенти Дилма Руссефф ҳам чиқиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён расмий ташриф билан Россияга бориши хабар қилинганди.
LiveБарчаси