БАА ишчилари Ғазога киритилди
Олам
−
20 Ноябрь 2023
6740Бирлашган Араб Амирликларидан келган ишчилар гуруҳи дала шифохонаси қурилишини бошлаш учун Рафаҳ ўтиш жойи орқали Миср ва Ғазо сектори чегарасини кесиб ўтди. Бу ҳақда “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Айтилишича, шифохона анклав ҳудудида жойлашади. Бироқ Ғазодаги ишчиларнинг хавфсизлигини ким таъминлаши ҳақида маълумот берилмади.
Қайд этилишича, 6 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён жанглардан жабр кўрган анклав аҳолисига ёрдам бериш учун Ғазо секторида дала шифохонасини ташкил этишни буюрган. Бешта транспорт самолёти Рафаҳ орқали Ғазо секторига юбориладиган дала шифохонасини яратиш ва ишлатиш учун зарур жиҳозларни Синай яримороли шимолидаги Эл-Ариш шаҳрига етказган.
Маълумотларга кўра, 150 ўринга мўлжалланган шифохона болалар ва катталар реанимацияси, умумий жарроҳлик, ортопедик жарроҳлик ва анестезиология бўлимларидан иборат бўлади. Бундан ташқари, шифохонада диагностика лабораторияси ва компьютер томографи ўрнатилади. Тиббий мажмуа ҳудудида дорихона, стоматология ва психологик ёрдам кўрсатиш маркази фаолият кўрсатиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ БАА Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ғазо секторида тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган саратон касаллигига чалинган минг нафар фаластинликни мамлакатга қабул қилишни буюрганди.
LiveБарчаси