БАА Ғазодан минг нафар бемор қабул қилади
Олам
−
18 Ноябрь 2023
4275Бирлашган Араб Амирликлари Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ғазо секторида тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган саратон касаллигига чалинган минг нафар фаластинликни мамлакатга қабул қилишни буюрди. Бу ҳақда WАМ ахборот агентлиги хабар берди.
Фаластин анклавининг саратон касаллигига чалинган аҳолиси давлат тиббиёт муассасаларида керакли даволаниш ёки реабилитация курсидан ўтиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
"Ушбу ташаббус БААнинг биродар Фаластин халқига ёрдам кўрсатиш ва сектордаги ёмонлашиб бораётган гуманитар шароитларга жавоб бериш бўйича турли даражадаги давом этаётган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир", дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, ўтган ҳафта Ғазо сектори чегара полицияси ярадорлар ва саратон касаллигига чалинганлар Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат пункти орқали анклавни тарк этишлари мумкинлигини маълум қилган. Рўйхатга камида 155 киши киритилган, бироқ уларнинг фуқаролиги кўрсатилмаган.
Маълумот учун, 2 ноябрь куни Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ғазо секторидан минг нафар фаластинлик болани БААга жойлаштириш ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатишни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Ғазо секторидан саратон касаллигига чалинган дастлабки 27 нафар бемор ва уларнинг 13 нафар ҳамроҳи Мисрдан Туркия пойтахти Анқарага етказилганди.
LiveБарчаси