Баҳодир Жалолов навбатдаги жангини Қозоғистонда ўтказиши мумкин
Спорт
−
26 Февраль
5665Шу йилнинг 25 апрелида Қозоғистонда Top Rank томонидан ташкил этиладиган бокс оқшомида ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов ҳам рингга кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Манбага кўра, ўша кунги “Барыс Арена”да бўлиб ўтадиган бокс оқшоми марказий жангида ўрта вазн тоифасида IBF ва WBO йўналишлари чемпиони, қозоғистонлик боксчи Жанибек Алимханули франциялик Анауэль Нгамиссенгега қарши рингга кўтарилади. Шунингдек, ушбу оқшомда супер оғир вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов ҳам рингга чиқиши мумкин. Айни вақтга келиб, унинг ўша кунги рақиби ким эканлиги номаълум.
Баҳодир Жалолов ҳам бу борада ўз фикрини билдирди.
“Кейинги жангим Қозоғистонда ўтиши мен учун яхши ва бу менга куч беради. Чунки у ерда ўзбек мухлислар кўп”, дейди Жалолов.
Маълумот ўрнида, Баҳодир Жалолов профессионал боксда 14 та жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган. У охирги жангини 2023 йилнинг ноябрь ойида ўтказган ва ўшанда Крис Томпсонни биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Баҳодир Жалолов лабига чиқган учуқ сабаб, франциялик Дэвид Спилмонтга қарши жанги бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси