Баҳодир Қурбоновга янги ҳарбий унвон берилди
Жамият
−
16:19
15636Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланган Баҳодир Низомович Қурбоновга навбатдаги махсус генерал-полковник ҳарбий унвони берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
У 2019 йил 11 февралидан бери Мудофаа вазири сифатида ишлаб келаётганди.
Маълумот учун, Баҳодир Қурбонов 1969 йилда Жиззах вилоятида туғилган. 1990 йилда Ўзбекистон ИИВ Олий тергов мактабига, 1992 йилда эса Ўзбекистон ИИВ Олий мактабига ўқишга қабул қилинган.
1994-1996 йилларда Жиззах ИИО тергов бўлимида аввал терговчи, сўнгра катта терговчи бўлиб ишлаган. 1996 йилда Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлимининг Ноқонуний валюта операцияларига қарши курашиш бўлими тезкор ходими, 1997-1998 йилларда Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 1-бўлими тезкор ходими, 1998 йилда 2-бўлими катта терговчиси лавозимига тайинланган. 1999 йилда ушбу бўлимнинг 3-бўлими катта терговчиси, шунингдек, Жиззах тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси лавозимларида ишлаган. Шу йили вилоят ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 3-бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган. Бундан ташқари, Жиззах вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2002 йилда Жиззах тумани ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган. 2005 йилда Ғаллаорол тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига ўтган. 2008 йилда Ички ишлар вазирлиги Патруль хизмати бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Шу йили Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган.
2013 йил 24 декабрдан 2015 йил 27 декабргача Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. 2017 йил 14 январда унга генерал-майор унвони берилган. 2018 йил 12 февралдан 2019 йил 11 февралгача Тошкент ҳарбий округи қўмондони лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Азизов лавозимидан озод қилингач, мудофаа вазири сифатида ишлаб келаётган Баҳодир Низомович Қурбонов Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланганди. Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ғайратжонович Холмуҳаммедов Мудофаа вазири этиб тайинланди.
LiveБарчаси