B1 сертификат эгаларига имтиҳонда 75% балл берилади
Жамият
−
04 Июнь 3471 2 дақиқа
Чет тили фани мавжуд бўлган бакалавриат таълим йўналишларига киришда хорижий тил бўйича B1 сертификати учун 75 фоиз балл берилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда инглиз тилидан бериладиган TOEFL iBT сертификатининг мувофиқлик даражаси 1-6 баллик тизим бўйича белгиланади.
Бакалавриатнинг фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлган таълим йўналишларига эса қабулда B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади. Олдин фақат B2 ва ундан юқори сертификатларга 100% балл бериларди, энди B1 эгалари ҳам имтиҳон топширмасдан тайёр 75% балл олишлари мумкин.
Шу билан бирга:
- педагог ходимларга устама тўлашда инглиз тилидан бериладиган TKT, TESOL, TEFL va TESL сертификатларининг амал қилиш муддати ҳисобга олинади;
- касбий таълим ташкилотларининг педагоглари хорижий тильда махсус фанларни ўқитганлиги учун уларнинг лавозим маошига нисбатан миллий ва халқаро тан олинган B2 сертификати учун 50 фоиз, C1 сертификати учун 100 фоиз миқдорда ҳар ойлик устамалар берилади;
- ўқитувчиларига Digital SAT сертификатининг математика бўлимидан 750 ва ундан юқори балл олган тақдирда устама белгиланади;
- умумий ўрта таълим мактабларидаги мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фанлари ўқитувчиларига B+ ва ундан юқори даражадаги сертификатлар учун устама берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Президент фармони асосида, энди Ўзбекистонда таълимни хорижий тилда якунлаган талабалардан кейинги босқичда хорижий тил сертификати талаб қилинмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси