Бьелса Уругвай бош мураббийлигидан кетди

Спорт

image

Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидан кейинги босқичларга чиқа олмагани учун, ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси хабар берди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан мутахассис натижа учун тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олди.

“Менинг масъулиятим жуда аниқ. Якуний натижамизни оқлай олмайман. Хулоса қилиб айтганда, ихтиёримдаги ресурслардан тўғри фойдалана олмадим. Бу ерда футболчиларнинг сифати ҳақида гап кетяпти. Биз қўлимиздан келган барча ишни қилдик, аммо бу етарли бўлмади”, дейди Бьелса.

Маълумот учун, Уругвай терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг “Ҳ” гуруҳи 3-турида Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Шу тариқа, Уругвай икки очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллади ва плей-офф босқичига чиқиш имкониятини қўлдан бой берди.

Жамоа дарвозабони Фернандо Муслера гуруҳ босқичидаги ўйинларда бир нечта хатоларга йўл қўйди ва Испанияга қарши баҳсда танаффус пайтида алмаштирилди.

Маълумот учун, 70 ёшли Бьелса 2023 йилнинг май ойидан буён Уругвай терма жамоасини бошқариб келаётганди. Унинг раҳбарлиги остида жамоа 36 та ўйин ўтказиб, 16 та ғалаба, 12 та дуранг ва 8 та мағлубият қайд этган. Бунгача Бьелса Англиянинг “Лидс Юнайтед”, Франциянинг “Лилль” ва “Марсель”, Италиянинг “Лацио”, Испаниянинг “Атлетик” клублари, шунингдек Чили ва Аргентина терма жамоаларини бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландия миллий терма жамоаси бош мураббийи Рональд Куман 2026 йилги Жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг, ўз лавозимини тарк этганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг