Айрим ОТМлар штатида умуман профессор-ўқитувчилар йўқлиги маълум бўлди
Жамият
−
07 июл 5153 3 дақиқа
Ўзбекистоннинг айрим олийгоҳларида штатида умуман профессор-ўқитувчилар йўқлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси ўрганилган. Таҳлил натижаларига кўра, энг юқори юклама айрим нодавлат олий таълим ташкилотларида кузатилган бўлиб, уларда талабалар ва профессор-ўқитувчилар нисбатлари белгиланган меъёрлардан анча паст ва сифатли таълимни ташкил этиш имкониятларини сезиларли даражада чеклайди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакат олийгоҳларида 1,6 миллиондан ортиқ талабага 61 мингдан зиёд профессор-ўқитувчи дарс бермоқда. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасидаги энг қулай нисбат давлат олийгоҳларида кузатилмоқда. Бунда бир нафар профессор-ўқитувчига ўртача 19,1 нафар талаба тўғри келади. Давлат олийгоҳлари жами талабаларнинг 59,2 фоизини қамраб олади.
Хорижий олийгоҳлар филиалларида ушбу кўрсаткич бир нафар профессор-ўқитувчига 32,9 нафар талабани ташкил этмоқда. Энг юқори нисбат олий таълимнинг нодавлат секторида қайд этилган. Мамлакат умумий талабалар контингентининг 38,3 фоизи таҳсил олаётган ушбу секторда 10,6 минг нафар профессор-ўқитувчи мавжуд. Бу эса ҳар бир профессорга 55,3 нафар талаба тўғри келаётганини билдиради. Бу кўрсаткич давлат олий таълим ташкилотларидаги кўрсаткичдан қарийб 3 баробар юқори. Хусусан, баъзи олийгоҳларда бир нафар профессор-ўқитувчига 100 нафардан, баъзи ҳолларда 200 дан ортиқ талаба тўғри келмоқда.
Олийгоҳлар тоифалари кесимида энг қулай нисбат ижод (спорт) фанлари олийгоҳларида қайд этилган бўлиб, уларда бир нафар профессор-ўқитувчига ўртача 8,4 нафар талаба тўғри келади. Тиббиёт фанлари олийгоҳларида ушбу кўрсаткич 13,6 нафарни, амалий фанлар олийгоҳларида 26,8 нафарни, ижтимоий-гуманитар фанлари олийгоҳларида эса 44,3 нафарни ташкил этади.
Айрим олийгоҳларда профессор-ўқитувчи ва талабалар нисбати кескин даражада юқори.
Жумладан:
- Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университетида – 236,6 нафар;
- IT-Park университетида – 244 нафар;
- Сингапур менежментни ривожлантириш институтида – 140,1 нафар;
- International School of Finance and Technology’да — 133,8 нафар;
- “Миллат умиди” университетида – 127,3 нафар талабага бир нафар профессор-ўқитувчи тўғри келади.
Қайд этилишича, айрим олий таълим ташкилотлари бўйича педагог кадрлар билан таъминланганликнинг амалдаги ҳолатини тўлиқ акс эттирмайдиган кўрсаткичлар аниқланган. “Ягона миллий меҳнат тизими” (ЯММТ) маълумотларига кўра, айрим олий таълим ташкилотларида асосий иш жойида профессор-ўқитувчилар мавжуд эмас ёки уларнинг сони жуда кам бўлиб, бу кўрсаткичнинг аномал юқори қийматлари шаклланишига олиб келган. Бундан ташқари, айрим хорижий филиаллар бўйича (Webster University, Riga Nordic University ва бошқалар) ЯММТ маълумотларига кўра асосий иш жойида ўқитувчилар мавжуд эмас, шу сабабли мазкур кўрсаткични ҳисоблаш имконияти йўқ.
Live
Барчаси