Аёлларнинг пенсия ёши оширилади. Қозоғистонда!
Олам
−
09 Апрель 9352 2 дақиқа
Қозоғистонда аёлларнинг пенсия ёши оширилади. Бу ҳақда бугун, 9 апрель куни мамлакат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Виктория Шегай маълум қилди.
У аввалроқ аёллар учун пенсия ёшини ошириш тўхтатиб турилганини эслатиб ўтган.
“Бироқ амалдаги қонунчилик доирасида у аста-секин эркаклар билан тенг равишда – 63 ёшгача оширилади”, дейди вазир ўринбосари.
Унинг тасдиқлашича, бу чора келажакдаги пенсия тўловлари миқдори билан ҳам боғлиқ: инсон жамғариб бориладиган пенсия тизимида қанча узоқ иштирок этса, унинг келажакдаги пенсияси шунчалик юқори бўлади. Шу билан бирга, Қозоғистонда катта ёшдаги аёллар бандлигини қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилмоқда.
“Катта ёшдаги аёлларни иш билан таъминлашга ёрдам берадиган “Кумуш ёш” дастури ишга туширилди. Биз иш берувчилар тажрибали ходимларни жалб қилишлари учун уларнинг иш ҳақининг бир қисмини субсидиялаймиз”, дейди Виктория Шегай.
Қайд этилишича, ҳозирда Қозоғистонда пенсия ёши эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун эса 61 ёшни ташкил этади. Шу билан бирга, аёллар учун ёшни ошириш бўйича вақтинчалик “музлатиш” амал қилмоқда. Бу камида 2027 йил охиригача давом этади.
Шундан сўнг ошириш босқичма-босқич давом этади: 2028 йилдан – 61,5 ёшгача. Кейинчалик пенсия ёши ҳар йили ўсиб боради ва 2031 йилга бориб 63 ёшга етади. Шу тариқа, аёлларнинг пенсия ёши эркакларники билан тенглашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда Ягона жамғарма пенсия жамғармасидан нафақа тўловлари оладиган жисмоний шахслар даромад солиғидан тўлиқ озод қилинганди.
Live
Барчаси