Аёллар учун энг қулай давлатлар рейтинги эълон қилинди
Бу қизиқ
−
18:18 1999 2 дақиқа
Ўзбекистон аёллар фаровонлиги, ҳуқуқлари ва хавфсизлигини баҳоловчи халқаро рейтингда 181 давлат орасида 98-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг индексдаги кўрсаткичи 0,674 баллни ташкил этган. Бу ҳақда Жоржтаун университетининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик институти хабар берди.
Мазкур индекс аёлларнинг жамиятдаги иштироки, адолат ва хавфсизлигини 13 та кўрсаткич асосида баҳолайди. Унда таълим, бандлик, молиявий хизматлардан фойдаланиш, парламентдаги вакиллик, ҳуқуқий тенглик, адолатга эришиш, оналар ўлими, оиладаги зўравонлик ва жамоат хавфсизлиги каби мезонлар ҳисобга олинади.
МДҲ давлатлари орасида Молдова 36-ўрин (0,821 балл), Арманистон 56-ўрин (0,762), Беларусь 63-ўрин (0,739), Қозоғистон 72-ўрин (0,722), Туркманистон 74-ўрин (0,720), Россия 75-ўрин (0,718), Қирғизистон 84-ўрин (0,697) ва Тожикистон 89-ўрин (0,685)ни эгаллаган. Ўзбекистон эса 98-ўринда. Ушбу таққослашда Ўзбекистондан пастда фақат Озарбайжон – 111-ўринда турибди.
Шу тариқа, индексда Марказий Осиёнинг беш давлати орасида Қозоғистон энг юқори – 72-ўринда, ундан кейин Туркманистон (74), Қирғизистон (84), Тожикистон (89) ва Ўзбекистон (98) жойлашган.
Рейтингнинг энг юқори бешлигини Шимолий Европа давлатлари эгаллаган. Дания 0,939 балл билан биринчи, Исландия 0,932 балл билан иккинчи, Норвегия ва Швеция 0,924 баллдан учинчи, Финляндия эса 0,921 балл билан бешинчи ўринда қайд этилган.
Рейтингнинг энг қуйи учлиги эса Афғонистон, Яман ва Марказий Африка Республикасидан иборат. Афғонистон 0,279 балл билан 181-ўринда, Яман 0,323 балл билан 180-ўринда, Марказий Африка Республикаси 0,362 балл билан 179-ўринда жойлашган.
Жоржтаун институтининг қайд этишича, 2025/26 йилги индексда аёллар ҳуқуқлари ва фаровонлиги бўйича глобал тараққиёт сезиларли даражада секинлашган. Тадқиқот 181 давлатни қамраб олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон яшаш учун энг яхши давлатларнинг жорий йилги халқаро рейтингида Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси