Авж паллага кирган Евро ва мундиал саралаши

Спорт

Эски танишлари билан тўқнашадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси, Евро-2024да резонансга сабаб бўлаётган Грузия ва Президент билан телефонда суҳбатлашган турк футболчилари бугун диққат марказимизда. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZда спорт дайжести.

Қуръа Ўзбекистон учун омадли бўлдими?

27 июнь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати Осиё қитъаси бўйича 3-босқич баҳсларига қуръа ташланди.

Қуръа натижаларига кўра, словениялик мутахассис Сречко Катанец мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси “A” гуруҳидан жой олди. Гуруҳда Ўзбекистонга КХДР, Қирғизистон, БАА, Қатар ва Эрон терма жамоалари рақиблик қиладиган бўлди.

Қайд этиш жоиз, FIFA 2026 йилги АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган мундиал учун Осиё қитъасига 8,5 та йўлланма ажратган. Саралашнинг 3-раундида гуруҳда 1-2 ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасига эга чиқади. 3-4 ўрин эгалари эса 4-босқичда қолган мундиал йўлланмалари тақдирини ҳал қилади.
Маълумот учун, Осиё қитъасида 3-саралаш босқичи баҳслари сентябрь ойида бошланади.

BRICS ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 114 та медаль олди

Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган BRICS ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 114 та медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар берди.

Бугун, 24 июнь куни ўз поёнига етган 6-BRICS ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 17 та олтин, 39 та кумуш ва 58 та бронза, жами 114 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринни эгаллади.

Маълумот учун, 13-24 июнь кунлари 90 та жамоа иштирокида кечган ўйинларда Россия биринчи, Беларусь иккинчи ҳамда Хитой жамоалари учинчи ўринни банд этди.

Грузиянинг Евродаги ғалабасидан кейин Тбилиси аҳолиси оёққа турди

Ўн минглаб одамлар футбол бўйича Грузия миллий терма жамоасининг Европа чемпионати плей-офф босқичига йўлланма олганини нишонлаш учун Тбилиси кўчаларига чиқди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Грузия терма жамоаси ўз тарихида илк бор йирик халқаро турнирнинг финал босқичига чиқди. 26 июнь куни грузин футболчилари Германияда бўлиб ўтаётган Европа чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги турида Португалия терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг плей-офф босқичига йўл олди.

Грузия пойтахти аҳолиси Тбилисининг марказий кўчаларини тўлдирди. Қисқа вақт ичида кўчалар машиналар билан тўлиб, тирбандлик юзага келди, натижада пойтахтдан оқиб ўтувчи Кура дарёсининг ўнг ва чап қирғоқларида транспорт ҳаракати бутунлай тўхтатилди. 

Худди шундай ҳолат Тбилиси чеккасида ҳам кузатилди. Глдани пойтахти ҳудудида автомобиль ихлосмандлари дрифт-шоу уюштирди. 

Футбол мухлислари учун Грузиядан Германияга 4 та чартер рейс амалга оширилади

Грузия ҳукумати Европа чемпионати 1/8 финали доирасида Кёльнда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Грузия ва Испания терма жамоалари ўртасидаги ўйинга кўришни хоҳловчилар учун Германияга тўртта субсидияли чартер рейсларни йўлга қўйишга қарор қилди. Бу ҳақда Грузия аэропортлари ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

“Биз Испания терма жамоаси билан баҳсда тарихий натижа қайд этишимиз керак, бунинг учун Грузия ҳукумати кўрсатмаси билан имкон қадар кўпроқ грузиялик мухлисларни стадионга сафарбар қилиш керак. “Аэропортлар ассоциацияси” миллий терма жамоамиз гуруҳ босқичида Португалия терма жамоасини мағлуб этиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритиши биланоқ қўшимча чартер рейсларини режалаштириш устида ишлай бошлади”, дейди Грузия аэропортлари ассоциацияси раҳбари Ираклий Каркашадзе.

Чипталар сотуви аллақачон бошланган. Бир томонлама самолёт чиптаси 195 евро туради. Жадвалга кўра, 29 июнь куни соат 12:00 да Тбилиси - Кёльн рейси ва шу куни соат 19:00 да ушбу йўналиш бўйича иккинчи рейс амалга оширилади. 30 июнь куни соат 04:30 да Грузия пойтахтидан Кёльн йўналиши бўйича навбатдаги рейс амалга оширилади. Ва 2 июль куни соат 15:00 да Кёльндан Тбилисига парвоз бўлади.

Грузия терма жамоасига 10 миллион доллар мукофот берилди

Грузия терма жамоаси футболчилари Германияда бўлиб ўтаётган Европа чемпионатининг плей-офф босқичига чиққани учун ваъда қилинган 30 миллион доллар пул мукофотидан 10 миллион долларини олиб улгурди. Бу ҳақда Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе маълум қилди.

“Гуруҳдан чиқиш учун белгиланган дастлабки 30 миллион доллар аллақачон терма жамоага ўтказилди ва терма жамоа футболчилари билан бўлиб ўтган учрашувда биз уларга навбатдаги ўйиндаги ғалаба учун мукофот пуллари тақдим этилишини эслатдик”, дейди Кобахидзе.

26 июнь куни Грузия терма жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Португалия терма жамоасини мағлуб этди (2:0) ва турнирнинг плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди. 1/8 финалда грузияликлар 30 июнь куни Испания билан тўқнаш келади.

Қайд этилишича, жамоа плей-оффдаги ҳар бир ғалаба учун 30 миллион доллар мукофот пули олади. Бундан ташқари, Кобахидзе айтганидек, Грузия ҳукумати футбол жамоасига тарихда илк бор Европа чемпионати финал босқичига чиққани учун 3 миллион доллар ажратади.

Эрдўған телефон орқали Туркия терма жамоаси футболчилари билан гаплашди

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған футбол бўйича Европа чемпионатининг плей-офф босқичига чиқишга муваффақ бўлган Туркия миллий терма жамоаси футболчилари ва мураббийлар штаби билан боғланди.
Эрдўған терма бош мураббийи Винченцо Монтелла билан суҳбат қурди.

“Умид қиламанки, биз Австрия билан ўйинга тайёргарликни муносиб тарзда давом эттирамиз ва зарур бўлган ҳамма нарсани қиламиз”, деди Президент Монтеллага.

Эрдўған Туркия терма жамоаси сардори Хакан Чалханоглуга ҳам мурожаат қилди.

“Сизни алоҳида табриклайман, ажойиб гол урдингиз”, деди Эрдўған Чалханоглуга. 

Эрдўған Чехия билан ўйинда ғалаба тўпининг муаллифи Женк Тосунга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, Туркия терма жамоаси плей-офф ўйинини Австрияга қарши 3 июль куни ўтказади.
Роналду Мбаппе ва Лукакуни ортда қолдирди

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду 2024 йилги Европа чемпионати гуруҳ босқичида зарбалар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда UEFA расмий сайти хабар берди.

Гуруҳ босқичидаги учта ўйин давомида португалиялик форвард 12 марта зарба йўллаган бўлса, шундан атиги бештаси аниқ чиқди. Бу борада Ромелу Лукаку (Бельгия), Килиан Мбаппе (Франция), Кай Ҳаверц (Германия), Александр Митрович (Сербия) ва Кристиан Эриксен (Дания) рақиблар дарвозасига 10 мартадан зарба берди.
29 июнь куни Европа чемпионатининг 1/8 финал босқичи ўйинлари бошланади.

Европа чемпионати 14 июлга қадар бўлиб ўтади. Турнирнинг амалдаги ғолиби Италия терма жамоаси ҳисобланади. 2021 йилда бўлиб ўтган Евро-2020 финалида италияликлар Англия терма жамоасини пенальтилар сериясида мағлуб этди.

Сербия Президенти миллий терма жамоа Хорватия авиакомпаниясида мамлакатга қайтганидан жаҳли чиқди

Сербия терма жамоаси Евро-2024'даги муваффақиятсиз иштирокидан сўнг Хорватия авиакомпанияси самолётида уйига жўнаб кетди, бу эса Президент Александр Вучичнинг ғазабига сабаб бўлди. Бу ҳақда Сербия парламенти раиси Ана Брнабич маълум қилди.

“Буларнинг барчаси футболчилар Сербия учун ўйнаб, курашаётган пайтда терма жамоага халақит бермаслик учун ошкор қилинмаган. Лекин рост, шундай бўлди. Бу шармандалик. Президент Вучич бундан жуда ғазабланди. Бундай бўлишига сабабчи бўлган шахслар аниқланишига умид қиламан.  Бизда Air Serbia бор, биз доимо ушбу авиакомпания билан сафарларга чиқамиз. Сербия Президенти ҳам узоқ сафарларга, масалан, Хитойга борганида, у доимо Air Serbia билан учади, чунки биз ўз байроғимиз туширилган самолётга хориж аэропортларига қўнганимиздан фахрланамиз”, дейди Брнабич.

Сербия терма жамоаси Евро-2024 плей-офф босқичига чиқа олмади ва жамоа “С” гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Мазкур гуруҳдан Англия ва Дания терма жамоалари нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Расман: “Реал” сардори Саудия клубига кўчиб ўтди

“Реал Мадрид” клубининг сардори Начо Фернандес Саудия Арабистонининг “Ал-Қодисия” клуби футболчисига айланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. 

34 ёшли футболчининг янги клуби билан шартномаси икки йилга мўлжалланган. Начо шу кунларда Германияда бўлиб ўтаётган Европа чемпионатида Испания терма жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

“Реал Мадрид” 25 июнь куни Начонинг кетишини эълон қилди. Ўтган мавсумда Начо “қаймоқранглилар” сафида 45 та ўйин ўтказиб, 1 та голли узатмани амалга оширган.

Маълумот учун, Начо айнан “Реал Мадрид” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ҳимоячи 2011 йилда Мадрид клубида дебют қилган. Жамоа таркибида у тўрт марта Испания чемпионлигини қўлга киритди, мамлакатда икки марта кубок ва беш марта Суперкубокка эга чиқди, олти марта Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди, шунингдек, тўрт марта UEFA Суперкубоги ва бешта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қўлга киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Грузия Ўзбекистон Қуръа BRICS FIFA 2026

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг