Автобусларнинг “заправка”да нега қаторлашиб тургани очиқланди
Жамият
−
25 Август 2023
9471Ижтимоий тармоқларда автобуслар ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатда туриб қолганлиги акс этган видеолар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, айрим ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпилганлиги муносабати билан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги автобусларни табиий газ билан таъминлаш учун бошқа “заправка”ларга юборилган. Бу эса ўша шохобчаларда навбатлар юзага келишига сабаб бўлган.
Шунингдек, мазкур масалани ҳал этиш мақсадида, Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, пойтахтдаги мавжуд ёқилғи қуйиш шохобчаларида автобуслар учун қўшимча ёқилғи қуйиш станциялари ажратилганлиги ҳамда табиий газда ҳаракатланадиган автобусларнинг узлуксиз ишлаши бўйича барча чора-тадбирлар кўрилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги ҳам юқоридаги сабаб юзасидан расмий муносабат билдириб чиққан эди. Вазирликка кўра, барча метан “заправка”ларга август ойи учун белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилган ҳамда бу борада ҳеч қандай чеклов киритилмаган.
“Қайсидир метан “заправка” ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган бўлса, демак, бу қандайдир техник сабаблар ёки бошқа бир омил туфайли бўлиши мумкин. Шунингдек, аввал таъкидлаганимиздек, метан “заправка”ларда сотиладиган бир куб газ учун белгиланган нарх ошгани йўқ”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси