Автобусда эркак ва аёллар учун алоҳида жой ажратилгани акс этган эълонлар олиб ташланди
Жамият
−
17 Апрель 2023
9272Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги автобус салонининг ички қисмида аёллар ва эркаклар учун алоҳида жой ажратилганига ишора қилувчи эълон акс этган суратлар тарқалди. Эълонда аёл ёки эркалар ўзларига тегишли бўлмаган жойда турмаслиги ҳамда ўтирмаслиги айтилган. Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” Акциядорлик жамияти расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, мазкур ҳолат 8-Автобус саройи филиали тассаруфидаги 43-сонли Isuzu русумли автобус йўналишида юз берган. Бу бўйича тезкор тадбир ўтказилиб, автобус салонидаги мазкур эълон тезкорлик билан олиб ташланган.
“Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, барча автобус ҳайдовчилари ва чиптачилари ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилаётганлигини, шунингдек, автобус салонида турли хилдаги ахборот материаллари тарқатилишининг олдини олиш, жамоат транспортида эълон қилиниши белгиланмаган махсус постерлардан фойдаланмаслик ҳамда иш фаолияти давомида ҳайдовчи ва чиптачилардан янада ҳушёр ҳолда иш юритишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилганлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий баёнотда.
Жамоат транспортида бунга ўхшаган таклифлар жамоатчилик фаоллари томонидан кўп маротаба илгари сурилган бўлиб, метро вагонларида ҳам уни жорий этиш керак деган фикрлар билдирилган эди. Яъни метронинг 1-2-вагонлари эркаклар, 3-4-вагонлари эса аёллар учун ажратилиши кераклиги таклиф қилинганди.
LiveБарчаси