Автобус ҳайдашдан давлатни бошқаришгача кўтарилган Мадуро яна президентликка номзод бўлди
Олам
−
17 Март
9324Венесуэланинг ҳукмрон Ягона социалистик партияси (PSUV) томонидан президентликка номзод сифатида амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро кўрсатилди. Бу ҳақда кеча, 16 март куни бўлиб ўтган партиянинг якуний қурултойида PSUV раиси ўринбосари Диосдадо Кабельо маълум қилди.
Қурултойда Кабельо йиғилганлардан Мадуро номзоди ҳақида фикр билдиришни сўраган. Конгресс иштирокчилари унинг номзодини бирваракайига қўллаб-қувватлаган.
“Шанба, 16 март, Венесуэла Ягона Социалистик партияси бешинчи Конгрессининг ялпи мажлисида Боливар инқилоби етакчиси Николас Мадуро президентлик сайловларида номзод сифатида эълон қилинди”, дейилади партия веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.
Шу тариқа, жорий йилнинг 28 июль куни бўлиб ўтадиган сайловларда у учинчи муддатга Венесуэла президенти лавозимини эгаллаши кутилмоқда. Автобус ҳайдовчиси, кейин касаба уюшмалари фаоли бўлган Мадуро давлат раҳбари лавозимини 2013 йилдан бери эгаллаб келмоқда, у мамлакат собиқ раҳбари Уго Чавес вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган.
Мамлакат мухолифати ўз номзоди сифатида Мария Корина Мачадони танлади. Бироқ Венесуэла ҳукумати унинг сайловларда номзод сифатида иштирок этишини бир неча йил давомида тақиқлаб қўйган, шу боис Мачадо навбатдаги президентлик сайловларини ҳам ўтказиб юбориши кутилмоқда.