Австрияда канцлер ўрнини ким эгаллаши маълум бўлди
Олам
−
08 Январь
1355Австрия Президенти Александер Ван дер Беллен идораси республиканинг Ташқи ишлар вазири Александер Шалленберг вақтинчалик федерал канцлер лавозимига тайинланишини маълум қилди. Бу ҳақда Президент идорасининг Instagram’даги саҳифасида хабар берилди.
“Президент Ван дер Беллен 2025 йил 10 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да Президент идорасида вазир Александер Шалленбергга ҳукуматни вақтинчалик бошқаришни топширади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Шалленберг федерал канцлер лавозимини Ташқи ишлар вазири вазифаси билан бирга бажаради. Маълумотларга кўра, Шалленберг янги ҳукумат коалицияси шакллантирилиб, унинг таркибидаги вазирлар кабинети тузилгунга қадар ушбу лавозимда қолади.
Маълумот учун, бу Шалленбергнинг иккинчи марта канцлер бўлиши. У 2021 йилда Себастьян Курс истеъфога чиққанидан сўнг ҳукуматни бошқарган эди.
Эслатиб ўтамиз, Австрия канцлери Карл Нехаммер жорий йилнинг 4 январь куни коалиция музокараларининг муваффақиятсизликка учраши сабабли ўз лавозимини тарк этишини эълон қилганди. Шундан сўнг Президенти Александр Ван дер Беллен яқин орада Австрияда янги канцлер лавозимга киришишини билдирганди.
LiveБарчаси