Австралияга борган қирол Чарльз геноцидда айбланди

Олам

image

Бугун, 21 октябрь куни Буюк Британия қироли Чарльз III Австралияга ташриф чоғида мамлакат парламентида нутқ сўзлади. Унинг нутқидан сўнг маҳаллий сенатор ва фаол Лидия Торп уни геноцидда айблади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, бу қирол Чарльзнинг Австралияга 16-расмий ташрифи, шунингдек, саратон касаллигига чалинганидан бери унинг биринчи катта хорижий сафари бўлди. У ушбу сафар давомида Австралия парламентида нутқ сўзлаган ва иқлим ўзгаришига қарши қаттиқроқ чоралар кўришга чақирган. Унинг нутқи тугагандан сўнг мустақил сенатор Торп қирол Чарльз Австралиянинг суверенитетини тан олмаслигини таъкидлаган ва уни геноцидда айблаган.

“Сиз бизнинг халқимизга нисбатан геноцид содир этдингиз. Бизнинг юртимизни қайтаринг. Ўғирлаган нарсаларингизни қайтаринг – суякларимизни, бош суякларимизни, болаларимизни ва халқимизни. Сиз бизнинг еримизни вайрон қилдингиз. Бизга шартнома беринг. Биз шартнома хоҳлаймиз”, деган у.

Нашрнинг ёзишича, Торп Австралиянинг мустамлака қилиниши сиёсатига норозилик билдириб, олдин ҳам бир неча бор тадбирларни бузган. Бугунги норозилиги давомида унинг қирол Чарльзга яқинлашишига йўл қўйилмаган. Қирол бу вақтда минбарда мамлакат Бош вазири Энтони Албаниз билан хотиржам суҳбатлашган. Торп эса кейинчалик зални тарк этишга мажбур қилинган. Жараёнда иштирок этган консерватив Либерал партиясидан собиқ бош вазир Тони Абботт ушбу воқеани “афсусланарли сиёсий намойиш” деб атаган.

Сенатор Торпнинг таъкидлашича, мустамлакачилик оқибатида содир бўлган қамоққа олиш ва зўравонлик Биринчи миллатлар миллий шартномасини тузиш билангина якунланиши мумкин. Ушбу шартнома тафсилотлари келтирилмаган.

Қайд этилишича, Торпнинг норозилигига қарамай Чарльз ва малика Камиллага атаб кўплаб мақтов сўзлар айтилган. Жумладан, Бош вазир Албаниз австралияликларнинг қиролга бўлган ҳурматини тилга олиб, Чарльзнинг иқлим ўзгаришига доир узоқ йиллик фаолиятини мақтаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қирол Чарльзнинг мамлакатга ташрифи олдидан Австралия Республикаси ҳаракати (ARM) унга учрашиш тўғрисида илтимос хати билан мурожаат қилган эди. Монарх жавоб хатида эса Австралия республика бўлиш ёки қолиш масаласи австралияликларнинг “ўзига ҳавола”лигини таъкидлаганди. Бироқ ҳали қирол ушбу ташрифи чоғида ARM вакиллари билан учрашмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия қирол Чарльз Лидия Торп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг