Австралияда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши расман тақиқланмоқда
Олам
−
21 Ноябрь
990Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 21 ноябрь куни мамлакат Бош вазири Энтони Альбанезе сайтида эълон қилинди.
“Бугун ҳукумат ёш австралияликларни уларнинг ривожланишининг муҳим босқичларида ишончлироқ ҳимоя қилиш учун дунёда етакчи ҳисобланган қонунни қабул қилди. Унга кўра, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар учун минимал ёш 16 этиб белгиланди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, янги чекловларга риоя қилиш учун жавобгарлик ижтимоий тармоқларнинг ўзига юкланади. Хусусан, улардан 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар аккаунт ярата олмаслигини таъминлаш учун чоралар кўриш талаб этилади. Рақамли платформалар қонунни бузгани учун 49,5 миллион Австралия доллари (32,3 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси ёшга қараб чекланган ижтимоий медиа платформаларининг янги таърифини яратади. Бунга Snapchat, TikTok, Instagram ва Х ва бошқалар киради.
“Мен штат ва ҳудуддаги ҳамкасбларимизга ва ушбу муҳим қонун лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда ҳисса қўшган барчага миннатдорчилик билдирмоқчиман”, деди Австралия Алоқа вазири Мишель Роуленд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралияда 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш учун қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси