Австралия Украинага Abrams танкларини етказиб берди

Олам

image

Австралия Россияга қарши урушда Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Abrams танкларини етказиб бермоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Мамлакат Мудофаа вазирлигига кўра, илгари ваъда қилинган деярли 50 дона M1A1 Abrams русумидаги Америка жанговар танкларининг биринчи партияси аллақачон Киевга етказилган.

“Украина ҳукумати сўровига жавобан Австралия 49 та Abrams танкини етказмоқда. Бу танклар Россиянинг ноқонуний ва ахлоқсиз босқинига қарши курашда муҳим роль ўйнайди”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, ҳукумат етказиб бериш ҳақидаги қарорни ўтган йилнинг октябрь ойида қабул қилган. Ушбу ҳарбий ёрдам пакети умумий 245 миллион австралия долларини (тахминан 160 миллион АҚШ доллари) ташкил қилади.

Мудофаа вазирлиги аниқ рақамларни очиқламаган бўлса-да, биринчи партиядаги танкларнинг асосий қисми (камида 25 таси) аллақачон Украина ҳудудига етиб боргани айтилмоқда. Қолган техника эса яқин ойлар ичида топширилиши режалаштирилган.

Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Россия босқини бошланганидан буён мамлакат Украинанинг мудофаа эҳтиёжлари учун 1,5 миллиард Австралия доллари (980 миллион АҚШ доллари) миқдорида ёрдам кўрсатган.

Бундан ташқари, Австралия Россияга қарши халқаро босимнинг фаол иштирокчиси саналади. У Москвага қарши экспорт чекловлари ва санкцияларни жорий қилган. Маълумотларга кўра, тахминан 1000 га яқин россиялик жисмоний ва юридик шахслар Австралиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина 2025 йил бошидан бери Чехия ташаббуси доирасида 850 минг дона йирик калибрли артиллерия снарядларини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Олинган барча қуролларнинг 320 мингтаси 155 миллиметр калибрли ўқ-дорилар саналади.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия Украина танк Abrams

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг