Австралия Сурия лагеридаги фуқаросини қабул қилмоқчи эмас
Олам
−
18 Февраль 813 2 дақиқа
Австралия ҳукумати Сурия шимолидаги лагерда сақланаётган фуқаролардан бирига мамлакатга қайтишни вақтинча тақиқлади. Ички ишлар вазири Тони Беркнинг билдиришича, қарор хавфсизлик идоралари тавсиясига асосан қабул қилинган ва кам қўлланиладиган террорга қарши қонунлар доирасида расмийлаштирилган. Бу ҳақда “Reuters” ёзди.
Мазкур лагерда “Исломий давлат” (ИШИД) билан алоқадорликда гумон қилинган шахсларнинг оилаларига мансуб 34 нафар австралиялик бор. Уларнинг қайтиши лагерь маъмурияти томонидан шартли равишда маъқулланган, бироқ ҳужжат муаммолари сабаб Дамашқ томонидан ортга қайтарилган. Ҳукумат илгари бу шахсларга ёрдам кўрсатмаслигини билдирган ва ҳар бирининг миллий хавфсизликка таҳдид даражасини текширмоқда.
2019 йилда қабул қилинган қонунчиликка кўра, 14 ёшдан ошган ва хавф туғдириши мумкин деб топилган фуқароларга икки йилгача мамлакатга кириш тақиқи қўйилиши мумкин. Ҳозирча бошқа шахслар учун бундай чорага эҳтиёж йўқлиги айтилмоқда.
Бош вазир Энтони Альбанезе айримлар “шафқатсиз ва вайронкор мафкура”ни қўллаб-қувватлаганини таъкидлаган. Мулозим болалар бу вазиятда айбсиз эканини, аммо ота-оналар қарори оқибатида мураккаб ҳолатга тушганини қайд этган.
Бу воқеа мамлакатда сиёсий баҳсларни кучайтирган. Сўнгги сўров натижаларига кўра, ўнг қанот, иммиграцияга қарши “OneNation” партиясининг рейтинги 26 фоизга етиб, мухолифатдаги анъанавий марказ-ўнг коалициядан ҳам юқори кўрсаткич қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия шимоли-шарқидаги машҳур Ал-Ҳол лагери бўшатилаётгани хабар қилинганди. Ҳукумат сўнгги ҳафталарда минглаб аҳолини кўчиришни бошлаган. Бу ерда асосан ИШИД гумондор жангчиларининг аёллари ва болалари сақланган.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль