“Аудиоёзув бошқача талқин қилинган”. Сурхондарё ҳокимлиги Тўра Боболовнинг ҳақорат тўла аудиосига муносабат билдирди

Жамият 19228
image

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурори ўртасидаги суҳбат экани айтилаётган аудиоёзув тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Унда ҳоким ҳуқуқ ҳимоячисини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани, прокурор ҳам жим турмай, жавоб қайтарганини эшитиш мумкин.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолат бўйича муносабат билдириб, аудиоёзув жорий йилнинг февраль ойида ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олингани ва бошқача талқин қилингани қайд этди.

“Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган.

Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигимизни маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.

Аҳамиятли томони шуки, ҳуқуқ ҳимоячиси ҳақиқатан ҳам ҳақоратланган бўлса, ҳоким устидан шикоят қилдимикан? Агар у ўз ҳуқуқини тиклаш учун қонундан ёрдам сўрамай, ҳақоратларга кўз юмиб кетса, уни қонун ҳимоячиси дейиш мумкинми?

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1162
Рейтинг: 3
t
×