Атом реактори юк самолётида: АҚШ кашшофлик қилишда давом этмоқда
Олам
−
16 Февраль 1048 2 дақиқа
АҚШ Энергетика ва Мудофаа вазирлиги илк бор кичик ядро реакторини ҳаво орқали кўчирди. Бу қадам технология тезкор жойлаштирилиши мумкинлигини намойиш этиш учун амалга оширилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Калифорнияда жойлашган “Valar Atomics” компаниясининг “Вард” микрореактори С-17 ҳарбий юк самолётида Ҳарбий ҳаво базасига етказилган. Микрореактор – анъанавий атом электр станцияларига нисбатан кичик, кўчма ядро энергия қурилмаси. У узоқ ва инфратузилмаси заиф ҳудудларга тез фурсатда етказилиши мумкин.
Расмийларга кўра, бу лойиҳа ҳарбий операциялар учун тезкор ва мустақил энергия манбаи яратишга қаратилган. Трамп маъмурияти кичик модулли реакторларни миллий хавфсизлик ва сунъий интеллект инфратузилмаси учун зарур энергия манбаи сифатида кўрмоқда.
“Valar Atomics” бош директори Исаиаҳ Тейлорнинг айтишича, минивен катталигига яқин ушбу қурилма 5 мегаваттгача электр ишлаб чиқариши мумкин. Бу тахминан 5 минг уй хўжалигини энергия билан таъминлашга етади. Реактор июль ойида дастлаб 100 киловатт қувват билан ишга тушади ва босқичма-босқич тўлиқ қувватга чиқади.
Манбага кўра, микрореакторлар ишлаб чиқарадиган электр энергияси йирик атом станциялари ёки қайта тикланувчи манбаларга (қуёш ва шамол энергияси) қараганда қимматроқ бўлиши мумкин. Яна бир муаммо сифатида радиоактив чиқинди, яъни ядро ёқилғиси ишлатилгач ҳосил бўладиган хавфли чиқинди тилга олинган. Ҳозирча АҚШда уни доимий сақлаш масаласи тўлиқ ҳал этилмаган.
Шунга қарамай, Энергетика вазирлиги учта микрореакторни жорий йил 4 июлгача ядровий реакция орқали ўзини ўзи давом эттира оладиган босқичга олиб чиқишни режалаштирмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, агар лойиҳа муваффақиятли бўлса, микрореакторлар узоқ ҳудудлар ва ҳарбий базалар учун дизель генераторларига муқобил энергия манбаига айланиши мумкин.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиШайхонтоҳур туманида хонадон ёнмоқда
16 Февраль