Атиги 7 давлат ҳавоси ЖССТ стандартларига жавоб беради
Бу қизиқ
−
19 Март
4408Дунё бўйлаб бор-йўғи етти мамлакат ҳаво сифатининг халқаро стандартларига жавоб беради. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботига таяниб, “The Guardian” нашри хабар берди.
ЖССТ дунё мамлакатларидаги ҳаво сифати стандартларга мос келиш-келмаслигини ўрганган. Кўриб чиқилган 134 мамлакат ва ҳудуддан фақат еттитаси ташкилотнинг автомобиллар, юк машиналари ва саноат транспорт воситаларидан чиқадиган майда заррачалар чегарасига жавоб берган. Ҳавонинг нормалиги Австралия, Эстония, Финляндия, Гренада, Исландия, Маврикий ва Янги Зеландия каби мамлакатларда қайд этилган.
Дунё бўйлаб 30 мингдан ортиқ кузатув станцияларидан маълумотларни тўплайдиган Швейцариянинг IQAir ҳаво сифати агентлиги ҳисоботига кўра, кўпчилик мамлакатлар ҳавоси PM2.5 стандартига жавоб бера олмайди. Бу атмосферанинг бузилиши нафас олиш, соғлиқ муаммоларини келтириб чиқаради ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, IQAir энг ифлосланган мамлакатлар рўйхатини ҳам ҳисоботда келтириб ўтган. Шундай мамлакатлардан бири Покистонда PM2.5 даражаси ЖССТ стандартларидан 14 баравар юқори. Шунингдек, кейинги ўринларда Ҳиндистон, Тожикистон ва Буркина-Фасо ҳавоси энг ифлосланган давлатлар экани аниқланди.
Ҳисоботга кўра, дунёдаги энг ифлосланган шаҳарларнинг 83 таси Ҳиндистонда жойлашган. Ҳиндистон бўйлаб 1,3 миллиард одам ёки аҳолининг 96 фоизи ЖССТ кўрсатмаларида кўрсатилганидан етти баравар юқори зарарланган ҳаводан нафас олади.
Бундан ташқари, Ғарбдаги ҳавоси энг тоза давлат деб ҳисобланган Канада ўтган йили рекорд даражадаги ўрмон ёнғинлари туфайли ҳавоси ифлосланган мамлакатлар қаторидан жой олди.
Хитойда эса ҳаво сифатининг яхшиланиши COVID-19 авж олганидан кейинги иқтисодий тикланиш туфайли тўхтаб қолган. Охирги ўлчовларда PM2.5 даражасининг 6,5 фоизга ошиши аниқланган.
Ҳавонинг ифлосланиши дунё бўйлаб йилига тахминан 7 миллион одамни ўлдиради. Бу рақам ОИТС ва безгакдан вафот этганлар сонидан кўпдир.
Маълумот учун, ўтган йили фақат 10 та мамлакатда ҳаво сифати соғлом деб топилган. Булар Финляндия, Эстония, Пуэрто-Рико, Австралия, Янги Зеландия, Бермуда, Гренада, Исландия, Маврикий ва Француз Полинезияси давлатлари эди.
Райҳона Улканбаева
LiveБарчаси