“Атамбоев сиёсий маҳбус эмас”. Жапаров собиқ Президентнинг жиноятлари ҳақида гапирди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевни сиёсий маҳбус деб ҳисобламайди.  

“Мен уни сиёсий маҳбус деб ҳисобламайман, чунки унда бир эмас, ўнлаб жиноий ишлар бор”, деган Жапаров кеча, 23 октябрь куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида. 

Таъкидланишича, Жапаров, шунингдек “Қумтор” олтин кони билан боғлиқ коррупцияда гумон қилинаётган собиқ Бош вазир Темир Сариевнинг ҳибсга олинишини сиёсий таъқиб сифатида баҳоламайди. 

“Суд қароридан кейин кўрамиз”, деган давлат раҳбари бу борада ўз позициясини билдириб. 

Шу билан бирга, Жапаров ўзининг сиёсий сабабларга кўра судланганини айтган. 

“Мен ўғирлик ёки жиноятга алоқадорлигим учун эмас, балки тўрт йил аввал содир бўлган баъзи воқеалар учун қамалганман”, деб эслаган у. 

Амалдаги давлат раҳбари 2017 йил март ойида гаровга олинганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва кейинчалик бунинг учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У колониядан озод қилинган ва ўтган йилнинг кузида суд томонидан “янги очилган ҳолатлар” асосида оқланган. 

Аввалроқ, Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев 2020 йил октябрь ойидаги тартибсизликлар бўйича Первомайский туман судида ўтказилган дастлабки эшитувлар ўз иштирокисиз ўтказилишини сўраб, судга мурожаат қилгани ҳақида хабар бергандик. 

Маълумот ўрнида, Қирғизистон пойтахтининг марказий майдонида ўтган йилнинг 5-6 октябрь, шунингдек 9 октябр кунларида турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Натижада ғалабани амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари қўлга киритиб, рақибларни майдонни тарк этишга мажбур қилишди. Тўқнашувлар чоғида номаълум шахс Атамбоев бўлган машинага тўппончадан бир неча бор ўқ узган, бироқ собиқ давлат раҳбари жароҳат олмаган. Жиноятчи ҳали топилмаган.  

Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Атамбоев Жапаров

Баҳолаганлар

283

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг