Атамбоев 2010 йилдаги “Ўш воқеалари”да айбланмоқда
Олам
−
03 Июнь 2022
7998Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев 2010 йил июнь воқеалари бўйича жиноий ишда айбланмоқда. Бу ҳақда 24.kg агентлигига адвокат Сергей Слесарев хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Алмазбек Атамбоевнинг ўзи гумонланувчи тўғрисидаги хабарномани олишдан бош тортган, шунинг учун уни собиқ Президент вакили олган.
“Алмазбек Атамбоев гумонланувчи тўғрисидаги хабарномани олиш ва ҳужжатларни имзолаш билан боғлиқ барча тергов ҳаракатларида иштирок этишдан бош тортди. Улар собиқ Президентга хабарни етказишим учун хабарномани менга беришди”, дейди Сергей Слесарев.
Муваққат ҳукумат 2010 йил апрель воқеаларидан кейин тузилган. Унга 14 киши, жумладан, Роза Отунбаева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниязалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди. Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.
Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган.
2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жануби. Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь