Асрнинг “боши тош” футболчилари
Спорт
−
06 Февраль
5557Футболдаги энг муҳим ҳодиса бу гол ҳисобланади. Лекин бош билан тўп киритиш борасида XXI асрда ким қандай натижа қайд этганлиги кўпчилик учун қизиқ. Биз эса сизга боши билан энг кўп гол урган футболчилар рейтингини тақдим этамиз.
Ариц Адурис - 63 та
Испания терма жамоаси ва “Атлетик Бильбао” клуби собиқ ҳужумчиси Ариц Адурис фаолияти давомида 640 та ўйинда майдонга тушиб, 221 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Футболчи голларининг 22 фоизи бош билан урилган.
Оливье Жиру - 65 та
Замонавий футболда Жиру қолган ҳужумчиларга қараганда оддий голларни кам уради. Унинг чаён услубидаги голи кўпчилик мухлисларнинг ёдида қолган. Аммо у шу вақтга қадар бўйи унчалик баланд бўлмаса ҳам боши билан 65 та тўп киритишга муваффақ бўлди. Боши билан урган энг ёдда қоларли голи 2022 йилда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати доирасида Англияга киритган тўпи бўлди.
Эдин Жеко - 66 та
Бугунга келиб, Туркиянинг “Фенербахче” клубида фаолиятини давом эттираётган босниялик футболчи карьераси давомида боши билан 66 та гол уришга муваффақ бўлди. Жорий мавсумда у клуб сафида 15 та гол киритди, шундан биттаси бош билан.
Бас Дост - 68 та
35 ёшли футболчи 2024 йилнинг ёзидан бери эркин агент бўлиб турибди. Унинг “Волфсбург” клубидаги фаолияти жуда сермаҳсул ўтган. Дос карьераси давомида умумий 462 та ўйинда майдонга тушиб, 231 та гол урган ва шунинг 25 фоизи бош билан киритилган.
Харри Кейн - 68 та
Деярли барча турдаги голларни уришга қодир бўлган футболчи Харри Кейн бугунги куннинг энг сермаҳсул ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Кейннинг бош билан урган голларининг аксарияти “Тоттенхэм” ва Англия терма жамоаси таркибидаги фаолиятига тўғри келади. “Бавария” сафида у киритган голнинг 67 тадан 12 таси бош билан урилган.
Радамель Фалькао - 71 та
Рўйхатдаги энг кичик бўйга эга бўлган ҳужумчи Фалькао бош билан гол уриш борасида ҳам унча-мунча ҳужумчиларни ортда қолдирди. Радамель бўйи паст бўлишига қарамай, анча баландга сакрай оларди. Айни дамга келиб, 38 ёшли ҳужумчи Колумбиянинг “Миллионариос” клубида тўп тепмоқда. Фалькао профессионал фаолияти давомида умумий 571 та ўйинда ўйинда майдонга тушиб, 262 та гол уришга муваффақ бўлди.
Фернандо Льоренте - 77 та
Тўп ҳаволатиб жарима майдончаси ичига узатилганда Льоренте аксарият ҳолларда ушбу узатмаларни голга айлантирган. Испаниялик футболчи катта ўйинларда боши билан гол уриб, жамоасини қутқариб кетган вазиятлари ҳам кўп бўлган. Унинг фаолиятидаги 207 та голнинг 36.6 фоизи бош билан урилган.
Роберт Левандовски - 91 та
“Барселона”га ўтганидан бери Левандовски ҳар хил услубдаги голларни киритди. Улар орасида 10 таси бош билан. 36 ёшли футболчи, шубҳасиз, барча даврларнинг энг зўр ҳужумчилари қаторига киради. Ҳозирга келиб, ўз ҳисобига 100 дан ортиқ гол ёздириб қўйган.
Льюк Де Йонг - 105
Сўнгги бир ярим мавсумда Де Йонг боши билан 18 та гол урди ва ҳали ҳамон ўзининг даражасини кўрсатишда давом этмоқда. 34 ёшли футболчи 2022 йилда ПСВга қўшилганидан бери ажойиб формада ва у бу рўйхатда иккинчи ўринни эгаллади.
Криштиану Роналду - 120
Яна кимни кутгандингиз? XXI асрда барча ўйинчилардан кўра кўпроқ гол урганини ҳисобга олсак, Роналду боши билан гол уриш борасида ҳам етакчи. Унинг фаолиятидаги умумий голларининг тахминан 13 фоизи бош билан урилган голларни ташкил этади. У карьерасида 1261 та ўйинда майдонга тушиб, 923 та гол урди.
LiveБарчаси