“Аср тўфони”: “Милтон” юзлаб уйларни вайрон қилди (фото)
Олам
−
10 Октябрь
10086АҚШнинг Флорида штати соҳилларига бир кечада етиб келган “Милтон” тўфони туфайли биринчи ўлим ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Сўнгги маълумотларга кўра, олти киши ҳалок бўлгани тасдиқланди, бироқ қурбонлар кўпроқ бўлиши мумкин. Қурбонлар штат шарқидаги қариялар уйи нуронийларидир.
10 октябрга ўтар кечаси Кариб денгизида ҳосил бўлган "Милтон" тўфони Флорида штатига етиб борди ва Америка штатига 195 км/соатгача бўлган шамол ва кучли ёғингарчилик билан зарба берди. Бир неча соат ичида ёғингарчилик даражаси кўп ойлик меъёрдан ошиб, 3 миллиондан ортиқ одам электр энергиясиз қолди.
2005 йилдаги машхур “Катрина”дан кейинги энг кучли тўфон бўлган “Ҳелен” тўфонидан икки ҳафта ўтмай, Флоридани “Милтон” тропик циклони қамраб олди. У октябрь ойи бошида Кариб денгизида шаклланган ва тез кучайиб, энг юқори тоифадаги довулга айланган.
Унинг келишидан олдин Флорида штатининг бир қанча ҳудудларида кучли торнадолар пайдо бўлган ва кучли ёғингарчилик бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, 9 октябрь куни камида 27 та торнадо қайд этилган.
“Милтон” тунда Флоридани ғарбдан шарққа кесиб ўтиб, Атлантика океанига тушиши кутилмоқда. Флорида штатининг “Милтон” ўтиши тахмин қилинган ҳудудлари аҳолиси хавф ҳақида олдиндан огоҳлантирилган. Расмийлар 7,2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган 15 округ аҳолисини эвакуация қилишни қатъий тавсия қилди.
Довул келиши пайтида уйларини ташлаб кетган деярли 100 минг киши штатнинг хавфсиз ҳудудларида вақтинчалик яшаш марказларида бўлган. Аэропортлар, кўнгилочар марказлар ва тематик боғлар минтақада ёпилган.
PowerOutage.us маълумотларига кўра, электр узатиш устунларининг қулаши, симларнинг узилиши ва подстанцияларнинг вайрон бўлиши сабабли ҳозирда деярли 2,8 миллион уй ва бинолар ҳамда 3 миллиондан ортиқ истеъмолчи электр энергиясисиз қолган.
Флорида губернатори Рон ДеСантиснинг сўзларига кўра, 125 га яқин уй, уларнинг аксарияти кўчма уйлар вайрон бўлган.
Минтақада жойлашган жаҳон нашрларининг мухбирлари хабар беришича, улар шамол дарахтларни қандай юлиб ташлашини, том парчалари, реклама конструкциялари, светофорларни олиб ўтишини ўз кўзлари билан кўрган.
Сарасоталик метеоролог Мэтью Капуччининг айтишича, унинг рўпарасида яқин атрофдаги меҳмонхона томидан бетон скамейка қулаган.
“Тонг отганда кўз ўнгимизда нималар пайдо бўлишини билмаймиз. Шамол жуда даҳшатли, мен ҳеч қачон бундай шовқинни эшитмаганман ва бутун умрим давомида Тампада яшаганман”, деди Тампа шаҳар кенгаши раиси Гидо Манискалько.
“Reuters” агентлиги билан суҳбатлашган суғурта бўйича экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, “Милтон” тўфони келтирган зарар 100 миллиард доллардан ошиши мумкин.
Довул оқибатларини бартараф этиш учун Флориданинг ўзи ва бошқа штатлардан Миллий гвардиянинг 9 минг нафар аъзоси сафарбар қилинган. Флорида штатида ҳозирда 50 000 дан ортиқ коммунал хизматчилар, шу жумладан, Калифорниядан ҳам олисда ишламоқда.
LiveБарчаси