“Аср фожиаси”дан сўнг Малатьяда ҳаёт қандай кечмоқда? (фоторепортаж)
Олам
−
13 Февраль
6386Бундан роппа-роса 1 йил олдин Туркияда рўй берган зилзила мамлакатга улкан йўқотишлар олиб келди. У нафақат зилзила эпимарказларидан бири жойлашган Қаҳрамонмарашда, балки Ҳатай, Адияман, Малатья каби бошқа вилоятларда ҳам минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди.
QALAMPIR.UZ’нинг ушбу мақоласида зилзиладан жабр кўрган ҳудудлардан бири бўлган Малатья ҳақида – у ердаги зилзила оқибатлари ва уни бартараф этиш учун қилинаётган ишлар тўғрисида билиб олишингиз мумкин.
2023 йилнинг 6 февраль куни рўй берган 7,6 ва 7.7 магнитудали зилзилалар оқибатда Малатьяда 1237 киши ҳалок бўлди, 6444 киши яраланди. Вилоят бўйлаб 6648 бино қулади, 35907 бино жиддий зарар кўрди. Ушбу бинолар орасида ҳокимлик биноси ҳам бор. У бутунлай вайрон бўлган ва ҳозирда унинг биринчи қавати қуриб битказилган.
Ўша машъум кунда кўрган даҳшатлари, йўқотган яқинларининг хотираси зилзиладан омон қолганларнинг қалбида ҳам оғир юк бўлиб қолгани тайин. Ота-онаси, турмуш ўртоғи, ака-ука, опа-сингилларидан жудо бўлган кишилар эндиликда бир-бирининг дардини енгиллаштириш, далда бериш учун ўзаро яқинлашди, бирлашди.
Вилоят ҳокими Эрсин Язижининг маълум қилишича, зилзиладан жабрланган 85,500 хонадондаги 510 мингдан ортиқ аҳолига психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 690 минг кишига турли хил кўмак, хусусан, кўчиш ва ижара тўлаши учун 6,1 миллиард лиралик маблағ ажратилган.
Вилоятда уй-жойидан айрилган фуқаролар учун контейнер шаҳарчалар ҳам бунёд этилган. 74 шундай шаҳарчага 32 мингга яқин контейнер ўрнатилган бўлиб, уларда 117, 690 аҳоли истиқомат қилмоқда. Булар орасида 16-17 минг нафар чет эллик яшайдиган Элемендик контейнер шаҳарчаси ҳам бор. Бу масканларда мактаб, кутубхона, болалар майдончаси каби инфратузилмалар ташкил этилган.
Бундан ташқари, бутун мамлакатдаги каби, Малатьяда ҳам аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун қурилиш ишлари давом этмоқда. TOKI (Оммавий уй-жой қуриш бошқармаси) томонидан нафақат кўп қаватли уйлар, балки қишлоқ коттежлари шаклидаги бинолар ҳам қурилмоқда. Улар аҳолига қура ташлаш йўли билан топширилади. TOKI вакилининг тушунтиришича, бундай усул уйларнинг адолатли тақсимланиши, аҳоли орасида “нега менга жануброқдан ёки бозорга узоқроқ жойдан уй берилди” қабилидаги норозилик бўлмаслиги учун ишлаб чиқилган.
Мазкур турар жойлар уйини йўқотганларга 20 йил муддатга фоизсиз имтиёзли кредит шаклида берилади ва дастлабки икки йилда одамлар уй учун пул тўлашдан озод этилади.
Умуман олганда, бутун Туркия аҳолиси зилзиладан сўнг бирлашиб, жасорат кўрсатди ва нормал ҳаётга қайта бошлади. Вилоят ҳокими Эрсин Язижи айтганидек, улкан йўқотишларга қарамай, ҳаёт давом этмоқда.
LiveБарчаси