Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошиши кутилмоқда

Жамият

image
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида қолдирди north_east

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида қолдирди

Ўзбекистонда йил охиригача асоий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб бориши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши баёнида маълум қилинган. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг март ойида мамлакатда йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, январь ойидаги кўрсаткичдан 0,7 фоиз бандга пасайган.

Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши 13,9 фоизни ташкил этиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқорилигича (5,8 фоиз банд) сақланиб қолмоқда.

“Бирламчи аҳамиятга эга бўлган асосий истеъмол товарлари нархларининг юқори суръатларда ошиши ташқи бозорларда ҳосилдорлик ва логистика билан боғлиқ сабаблар таъсирида юзага келган коньюнктура ҳамда ички бозорлардаги рақобат шароитлари ва ишлаб чиқариш ҳажмининг чекланганлиги каби омиллар билан изоҳланади.

Ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархлари ўсиши мос равишда 8,8 ва 8,4 фоизни ташкил этиб, ушбу гуруҳлар умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатмоқда”, дейилади МБ хабарида.

Марказий банк ташқи бозорлар ва асосий озиқ-овқатлар таклифидаги ўзгаришларнинг йил охиригача инфляцияга таъсирларининг сақланиб қолиши ва ялпи талаб ўсишининг нархларни оширувчи хусусияти ортиб боришини инобатга олган ҳолда 2021 йил якунлари бўйича инфляциянинг 9,0-10,0 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилмоқда. Бунда, йил сўнгига қадар инфляцион жараёнлар ва кутилмалар ҳам монетар ҳам номонетар омилларнинг турли йўналишдаги таъсирлари остида шаклланади.

Қайд этилишича, жорий йил охиригача тартибга солинадиган нархларни оширилмаслик, ўтган йилнинг апрель ойи ва октябрь ойларидаги юқори база эффекти, 2020 йилнинг IV чораги ва 2021 йилнинг I чорагида сўм алмашув курсининг нисбатан барқарор бўлганлиги келгуси чоракларда йиллик инфляция даражасини пасайтирувчи омиллардан бўлади.

Ўз навбатида, қисқа муддатли истиқболда айрим турдаги асосий озиқ-овқат нархларининг сезиларли ўсиши, бир томондан, ҳосилдорликнинг кам бўлганлиги ва айрим давлатлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига нисбатан киритилаётган чекловлар таъсирида ташқи бозорлардаги нархларнинг ўсиши билан изоҳланса, иккинчи томондан, ушбу маҳсулотларни импорт қилишда концентрация даражаси ва ички ишлаб чиқаришда таннарх харажатларининг нисбатан юқорилиги билан изоҳланмоқда.      

“Озиқ-овқат нархлари динамикаси бўйича хатарларнинг ошиб бориши шароитда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш бўйича ягона давлат стратегияси, импорт бозорларини диверсификация қилиш, импортда концентрациялашув даражасини пасайтириш ва транспорт харажатларини камайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини беради”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, мева, сабзавот ва озуқа-ем маҳсулотлари ҳажмларини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш ва ушбу маҳсулотларни етиштириш учун зарурий ер майдонларини ҳамда сув ресурслари ажратилиши келгусида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мувозанатлашишига хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк

Баҳолаганлар

441

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг