Аш-Шара курдлар билан тузилган келишувни давом эттиради

Олам

image

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ва АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган музокаралар чоғида жорий йилнинг 10 март куни имзоланган, курд жангчиларини республика Қуролли кучлари таркибига қўшишни назарда тутувчи келишувни амалга оширишни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Сурия ўтиш даври ҳукумати тасарруфидаги ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Маслаҳатлар давомида томонлар 10 мартдаги келишувни амалга оширишни давом эттиришга, жумладан, Сурия демократик кучларини Сурия араб армияси таркибига интеграция қилишга, давлат институтларини бирлаштириш ва миллий хавфсизликни кучайтириш жараёнига келишиб олди”, дейилади баёнотда.

ТИВ, шунингдек, АҚШ Президенти Сурияга мамлакатни тиклаш ва кейинги босқичдаги ривожланиш жараёнида керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлаганини маълум қилган.

Вазирликка кўра, музокаралардан кейин Трамп кўрсатмасига биноан Суриянинг ташқи ишлар вазири Асад Шибоний ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашиб, эришилган келишувларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилган.

10 март куни Аш-Шара ва Сурия демократик кучлари қўмондони Мазлум Абди келишув имзолаган эди. Унга кўра, курд жангчилари йил охирига қадар мунтазам армия таркибига қўшилиши керак. Томонлар курдлар назоратидаги барча фуқаролик ва ҳарбий объектлар – аэропортлар ҳамда шимоли-шарқдаги газ ва нефть конлари янги Дамашқ маъмурияти назоратига ўтишини ҳам келишиб олган.

Бироқ шундан кейинги музокаралар давомида Сурия демократик кучлари ва ўтиш даври ҳукумати позицияларидаги жиддий фарқлар юзага чиққан. Курдлар шимоли-шарқда кенг ҳокимият ваколатларини берувчи марказлашмаган бошқарув системасини талаб қилган. Сурия ҳукумати эса шимоли-шарқий ҳудудлар маъмурий ва ҳарбий жиҳатдан марказий ҳокимиятга тўлиқ бўйсуниши кераклигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 10 ноябрь куни Оқ уйда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Оқ уй Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг