Аш-Шара Кремлда. У Путинга нима таклиф қилди?
Олам
−
16 Октябрь 8274 4 дақиқа
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара кеча, 15 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путинга Москва билан Сурия ўртасида илгари тузилган барча келишувларга ҳурмат билан ёндашишини ва уларга амал қилишини айтди. Бу баёнот Россиянинг Суриядаги икки асосий ҳарбий базаси хавфсизлиги сақланишига ишора қилади.
Ўтган йили Путиннинг яқин иттифоқчиси бўлган Башар Асадни ағдариб, ҳокимиятга келган собиқ “Ал-Қоида” тармоғи раҳбарларидан бири бўлган Аҳмад аш-Шара биринчи марта президент сифатида Россияга ташриф буюриб, Кремлда музокараларни ўтказди.
“Россия билан бизни боғлаб турувчи икки томонлама муносабатлар ва умумий манфаатлар мавжуд. Биз у билан тузилган барча келишувларни ҳурмат қиламиз. Ҳозирда Россия билан муносабатлар табиатини қайта белгилаш устида ишлаяпмиз”, деди аш-Шара Путинга қарата.
Путин эса, ўз навбатида, Москва Дамашқ билан муносабатларни янгилаш ва ривожлантириш борасида “кўплаб қизиқарли ва фойдали ташаббуслар”ни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Нефть лойиҳалари ва Россия ҳарбий базалари
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги музокараларда асосий мавзулардан бири – Россиянинг Суриядаги иқтисодий ва ҳарбий иштироки бўлди. Москва Сурияда нефть лойиҳаларига қайта кириш ва инфратузилмани тиклашда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди.
Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак музокаралардан сўнг Россия инвеститсияга тайёр эканини билдирди.
“Россия компаниялари Сурияда анчадан бери ишлаб келади. Бор конлар, тўхтатилган конлар ва янги майдонлар бор – биз уларни ривожлантиришда иштирок этишга тайёрмиз”, деди у.
Унинг сўзларига кўра, суҳбат давомида нефть, энергия, темирйўллар ва урушда вайрона бўлган бошқа объектларни тиклаш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Кремль музокаралардан олдин Суриядаги Россиянинг иккита асосий ҳарбий базаси тақдири муҳокама қилиниши ҳақида маълум қилган эди. Гап Латакия вилоятидаги Хмеймим ҳаво базаси ва қирғоқ бўйидаги Тартус денгиз базаси ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, Россиянинг Туркия ва Ироқ чегараси яқинидаги Қамишли аэропортида ҳам ҳарбийлари бор. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ Москва Суриядаги бу базаларни сақлашидан манфаатдор эканини айтган ва улар Африкага гуманитар ёрдам етказиш учун логистика маркази сифатида ҳам қўлланилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Сурия манбаларига кўра, аш-Шара ҳукумати Москвадан икки муҳим кафолат сўраяпти:
- Россия Асад қўл остидаги эски кучларни қайта қуроллантирмаслиги керак.
- Сурия армиясини қайта тиклашда Россиядан ёрдам кутиляпти.

Аҳамиятлиси, аш-Шара Путинга илгари тузилган барча Россия-Сурия келишувлари, хусусан, ҳарбий базалар бўйича шартномаларга ҳурмат билан ёндашишини айтди. Бу эса Москва учун Суриядаги таъсирини сақлаб қолишга йўл очади.
Нозик ташриф

Аш-Шаранинг Москвага ташрифи жуда нозик масала эди. Россия йиллар давомида Асадга қарши курашган суриялик исёнчиларга қарши ҳарбий қуввати билан ёрдам бериб келган, бу исёнчилар эса ўтган йил декабрда аш-Шара раҳбарлигида ҳокимиятни қўлга олди. Кейинчалик Москва мамлакатидан қочган Асад ва унинг оиласига бошпана берди. Рус ОАВларига кўра, Асадлар ҳозир Москвада яширин тарзда ҳаёт кечирмоқда.
“Reuters” агентлигининг икки суриялик манбасига кўра, аш-Шара музокараларда Москвадан Асадни сурияликларга қарши қилинган жиноятлари учун қонун олдида жавобгарликка топширишни расман сўрашни режалаштирган.
Россия чет элдаги ўз иттифоқчиларини ҳимоя қила олиши билан фахрланади, шунинг учун Асадни Дамашққа топширишга рози бўлиши эҳтимоли жуда паст. Лавровнинг таъкидлашича, Россия Асадга бошпана берган, чунки унинг ҳаёти таҳдид остида бўлган.
Иқтисодий имтиёзлар умидида бўлган аш-Шара Россиядан қулай шартларда буғдой етказиб беришни қайта тиклаш ва урушдан етган зарар учун товон тўлашни сўрамоқчи. Шунингдек, у Исроилнинг жанубий Сурияда кенгроқ ҳарбийлаштирилмаган ҳудуд яратиш талабларига қарши Москва кўмагига умид қилмоқда.
Икки манбадан бирининг сўзларига кўра, у Исроилнинг янаги чекловчи ҳаракатларига қарши кафолат сифатида Россия ҳарбий полициясини яна жойлаштириш масаласини ҳам кўтариши мумкин.