Асаларининг 71 та янги тури кашф қилинди
Бу қизиқ
−
19 Май
4367Австралиялик тадқиқотчилар илгари номаълум бўлган 71 та янги маҳаллий асалари турини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Australian Journal of Taxonomy” журналида эълон қилинди.
Тадқиқотга кўра, улар Megachile (Austrochile) гуруҳига мансуб бўлиб, одатда “қатронли ғор асалари” деб аталади. Бу асаларилар Тасмания оролидан ташқари Австралиянинг барча штат ва ҳудудларида учрайди ва қатрон моддасидан ясалган кичик “ғорчаларда” насл қолдириши билан машҳур.
Тадқиқот муаллифларидан бири, Жанубий Австралия музейининг доктори Ремко Лайснинг айтишича, илгари бу гуруҳга атиги 7 тур киради, деб ҳисобланган. 1992 йилда Квинсленд музейидан Жудит Кинг магистрлик ишида яна 18 та тур қўшган.
Сўнгги йилларда олиб борилган экспедициялар, хусусан, Bush Blitz дастури доирасидаги экспедициялар – Австралия ҳукумати, BHP Billiton ва Earth Watch Australia ҳамкорлигидаги лойиҳа яна 23 та янги турни аниқлаган. Шунингдек, музей коллекцияларининг таққослама таҳлили натижасида йиллар давомида ҳужжатга олинмаган 20 та янги тур аниқланган.
“Бу энтомологик коллекциялар яширин илмий кашфиётлар омбори сифатида қандай катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади”, дейди доктор Лайс.
Аделаида университети олими Катия Хогендоорннинг айтишича, асаларилар қишлоқ хўжалиги ва ёввойи ўсимликларнинг чангланишида муҳим роль ўйнашига қарамай, Австралия асалари фаунаси ҳали етарлича ўрганилмаган.
“Австралиядаги асалари турларининг тахминан учдан бири ҳали ҳам илмий жиҳатдан тавсифланмаган. Молиялаштириш етишмаслиги сабаб биз қайси турлар йўқолиш хавфи остида эканини ҳам аниқлай олмаяпмиз. Балки биз ҳали мавжудлигидан ҳам бехабар бўлган турларни йўқотаётгандирмиз”, дейди у.
Мазкур кашфиёт билан “қатронли ғорча асаларилар”нинг маълум турлари сони 7 тадан 78 тагача ошган. Улардан деярли ярми фақат битта географик нуқтада аниқлангани сабабли маҳаллий экологик ўзгаришларга нисбатан жуда сезгир ҳисобланади.
“Кўпчилик янги турлар жуда тор тарқалиш майдонига эга бўлиши мумкин. Аммо уларнинг сони ёки таҳдид даражаси ҳақида аниқ хулоса қилиш учун маълумот етарли эмас”, дейди Вуллонгонг университети олими Жеймс Дори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Генрих Гейне номидаги университети олимлари асаларилар қандай қилиб маълумотни “мерос” сифатида етказиб, айрим асалариларга тўғридан тўғри уядаги ҳаётга мослашиш ва унинг жамоавий фаолиятини таъминлаш имконини беришини аниқлаганди.
LiveБарчаси
17 Июнь