Асадов Президент Сирдарёдаги портлаш бўйича қандай топшириқ берганини айтди
Жамият
−
24 Октябрь 2022
11087Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қурол-яроғ сақланадиган омборлардан бирида юз берган портлашдан Президент Шавкат Мирзиёев хабар топган. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Бундай техноген характердаги ҳодисалар ҳақида Президентга дарҳол хабар берилади. Ушбу вазиятда ҳам давлат раҳбарига тезликда ахборот берилди ва Президентимиз томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойига юборилди”, дейди Асадов.
Унинг сўзларига кўра, ишчи гуруҳ дарҳол талофотлар таҳлили билан шуғулланган. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигида махсус комиссия тузилиб, талафотлар оқибатини тезда бартараф этиш бўйича иш бошланган.
Шунингдек, Матбуот котиб фуқароларда савол туғдирган якка портлаш иборасига аниқлик киритиб кетган.
“Якка портлаш бу кейинчалик ҳеч қандай детонация бермайдиган портлашдир. Техноген ходиса рўй берган омбор ХХ асрнинг 40 йилларида қурилган бўлиб, илгари техник қоидаларга кўра бундай омборларда катта қурол-яроғ сақланган. Бироқ 2016 йилдан сўнг барча омборлар реконструкция қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда. Барча объектларда жаҳон стандартларига кўра қўйиладиган талаб асосида инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Натижада портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилишининг олди олинади”, дейди у.
Президент Матбуот котиби Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлганини ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талафот етмаганини айтиб ўтган.
“Асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган. Яъни, портлаш тўлқини туфайли биноларга қисман зарар етса ҳам, турли жисмлар тарқашининг олди олинди”, дейди Асадов.
Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги ҳарбий қисм омборида портлаш юз берди. ССВга кўра, ҳодисада 16 киши жабрланган. Шунингдек, 3 мингдан ортиқ турар жой биносига зарар етган.
LiveБарчаси