Аросатдаги Жээнбеков: Ҳажга кетган экс-президентни Қирғизистонда нима кутмоқда?
Таҳлил
−
12 Февраль 2021
22762Қирғизистонда экс-президент унвонини ўзида сақлаб қолган икки собиқ раҳбар қолмоқда. Булар: 2010-2011 йилларда юртни бошқарган Роза Отунбаева ва 2017-2020 йиллардаги мамлакат раҳбари Сооронбай Жээнбеков. Қирғизистон тарихида қолган аксарият Президентлар раҳбарлик курсисини тарк этганидан сўнг, катта имкониятлар берувчи экс-президент уновнидан маҳрум этилган.
Бироқ, жорий йилнинг февраль ойи бошида Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбаевани ҳам экс-президент унвонидан маҳрум этиш талаб этила бошланди. Ушбу икки сиёсатчини собиқ Президент унвонидан маҳрум этиш кимга керак бўлиб қолди?
Айни дамда, Қирғизистонда Жээнбеков ва Отунбаеванини ушбу мақомдан маҳрум этиш учун имзолар йиғилмоқда. Қирғиз оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, уларнинг иккаласи ҳам ўз президентлиги даврида “қабул қилиб бўлмайдиган йўқотишларга йўл қўйганликда” айбланмоқда. Маълум бўлишича, маҳаллий блогерлардан бири собиқ икки раҳбарни унвондан маҳрум этиш талаби билан чиққан.
Собиқ Президент унвонининг аҳамияти
Масалага бошқа томондан ёндашсак, савол пайдо бўлади: бу блогернинг ташаббусими ёки блогер Қирғизистон янги раҳбарияти қўлидаги сиёсий воситами? Ушбу саволга ўтишдан олдин, собиқ Президент унвони қандай имтиёзлар беришига аниқлик киритиб олайлик.
Гап шундаки, ушбу унвонга эга бўлган Қирғизистон фуқароси бепул тиббий ёрдам олиш каби кўплаб ижтимоий енгилликлардан ташқари, умрбод дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.
Президентлик фаолиятидан сўнг бунақа “иммунитет”га эга бўлиш ҳар қайси давлат раҳбарларини ўйлантирадиган мавзу. Айниқса, бундай савол диктаторлик режимлари учун актуал. Собиқ Совет мамлакатлари ҳам бундан мустасно эмас.
Собиқ Президент унвонидан маҳрум қилиш Қирғизистонда анъанага айланган
Шарқий Европа ва Халқаро тадқиқотлар маркази мутахассиси Беате Эшментнинг сўзларига кўра, дунёнинг барча мамлакатларида Президентлар “иммунитет”га эга бўлади, аммо улар ушбу иммунитетдан маҳрум бўлиши ҳам мумкин.
“Қирғизистоннинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ерда собиқ Президентни унвонидан маҳрум қилиш ва шу аснода дахлсизлик “иммунитети”ни ҳам йўққа чиқариш одатий ҳолга айланиб қолган”, дейди Беате Эшмент.
Қирғизистоннинг мустақиллигини эълон қилган Асқар Акаев ҳам, давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни эгаллаган Курманбек Бакиев ҳам, кейинчалик Алмазбек Атамбоев ҳам ўзларининг давомчилари томонидан собиқ давлат раҳбарлиги унвонидан маҳрум қилинган.
“Бизда ҳам кафолатга эга бўлган собиқ раҳбарлар бўлсин”
Сооронбай Жээнбековга эса амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровнинг буйруғи билан экс-президент унвони берилгани қизиқ ҳолат. 2020 йил ноябрь ойида Жапаров ўзининг ушбу қарорини қуйидагича изоҳлайди:
“Жээнбековга экс-президент мақомини бермаслик тўғрисида фикрлар бўлди, аммо мен бутун жавобгарликни ўз зиммамга олдим. Ушбу унвон Жээнбековга келажакда бизда ҳам зарур имтиёз ва кафолатларга эга бўлган собиқ раҳбарлар бўлиши учун яхши ниятда берилди.”
Сооронбай Жээнбековга ишора
Бироқ, Шарқий Европа бўйича мутахассис Беате Эшмент Садир Жапаровнинг ушбу баёнотига шубҳа билан қарамоқда.
“Ҳақиқатан ҳам Садир Жапаров Жээнбековни таъқиблардан қутқаришни ният қилган, деб ўйламайман. Жээнбековнинг ўзи ҳам ундан аввалги давлат раҳбари Атамбоевни таъқиб қилмаслигини даъво қилган эди, аммо кейинчалик бу шунчаки, вақт масаласи бўлиб чиқди. Шундай бўлсада, Жээнбековнинг мамлакатда узоқ вақт қолишидан ҳайратландим”, дейди немис мутахассиси Беате Эшмент.
Шарқий Европа бўйича мутахассис яна бир фактга эътибор қаратмоқда: Жээнбековни собиқ Президент унвонидан маҳрум қилиш ҳақида гап-сўзлар, айниқса у жорий йилнинг 2 февраль куни Ҳаж зиёрати учун Қирғизистонни тарк этганидан сўнг фаоллашган. Ижтимоий тармоқларда бу мавзуни кенг муҳокама қилиниши Жээнбеков учун Ватанига қайтмаслик тўғрисида муҳим белги бўлиши мумкин.
Инқирозли вазиятларни ўрганиш марказининг (CSRC) сиёсатшуноси Наталья Харитонова ушбу мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтган.
“Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга муваффақ бўлган инсон борки, уларнинг ҳеч бири собиқ Президент мақомида қолмаган. Уларнинг ҳар бирига қарши жиноий ишлар очилган. Жамоаси эса қамоққа ташланган ёки мамлакатдан чиқариб юборилган. Мантиқан ўйлаб қарасак, Жээнбековнинг бошига Атамбоевнинг кунини солишдан кўра, унинг Маккада ёки бошқа яхши жойда қолишига сигнал ва имкон бериляпти”, дейди Наталья Харитонова.
Қирғизистонда “тозалаш” ишлари
Наталья Харитоновага кўра, Бишкекдаги янги ҳокимият Республиканинг бутун сиёсий манзарасини тубдан ўзгартиришга қарор қилган: парламент республикасини президентлик билан алмаштириш, шу билан бирга Садир Жапаровнинг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтириш, “кадрларни тозалаш” ишини амалга ошириш ва бўш қолган лавозимларга Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг янги раҳбари Қамчибек Ташиевнинг “одамлари”ни тайинлаш.
Собиқ Президент Роза Отунбаева ким учун хавфли?
“Собиқ Президент мақомини Роза Отунбаевадан маҳрум қилиш имкониятига келсак, ушбу ғоя узоқ муддатли стратегияни ўз ичига олган”, дейди Наталья Харитонова.
Сиёсий таҳлилчининг фикрича, янги Президентнинг жамоаси мамлакатда узоқ вақт қолишни режалаштирган. Аммо, Миллий хавфсизлик раҳбари Қамчибек Ташиевдан фарқли ўлароқ, Садир Жапаровнинг мамлакат аҳолиси орасида мавқейи юқори эмас.
“Жапаровнинг чет элда ҳам, айниқса Ғарбда, шунингдек ташқи алоқаларни бошқарадиган Қирғизистондаги сиёсий ва ишбилармон элита вакиллари орасида ҳам “веси” йўқ”, дейди Наталья Харитонова.
Харитоновага кўра, Отунбаевада бундай “авторитет” бор ва уни собиқ Президент мақомидан маҳрум қилиш ҳақидаги гаплар ортида Жапаровнинг халқ билан “Отунбаевага яқин бўлган доира” ўртасига тушов бўлиши ва шу орқали уни мамлакатдан сиқиб чиқарилиши ёки суд қилиниши яширинган бўлиши мумкин.
Шу ўринда, мамлакатда юқори обрўга эга Отунбаева ҳам Садир Жапаров учун катта хавф туғдириши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь