Ароқчи Қобулга келди
Олам
−
26 Январь
18914Бугун, 26 январь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий билан учрашувда икки давлатнинг чуқур тарихий ва маданий илдизларга эгалиги, улар ўртасидаги иқтисодий алоқалар жуда яхши даражада эканини таъкидлади. Бу ҳақда ИРНА хабар берди.
Қобулга ташриф буюрган сиёсий ва иқтисодий делегацияга раҳбарлик қилган Аббос Ароқчи Эрон ва Афғонистон икки дўст, биродар ва мусулмон давлатлар эканини таъкидлади.
“Жаноби олийларига ва ҳамкасбларингизга яхши қабул учун миннатдорчилик билдираман. Эрон ва Афғонистон, сиз айтганингиздек, жуда чуқур тарихий ва маданий алоқаларга эга икки дўст, қардош ва мусулмон давлатдир”, деган вазир.
Ароқчи, икки давлатнинг тарих давомида ҳамиша яхши муносабатларга эга бўлганига диққат қаратди.
“Албатта, кўтарилишлар ва пасайишлар бўлган, лекин умуман Афғонистондаги биродарларимиз билан алоқаларимиз жуда яхши ва биродарларча эди. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо ва сиёсий алоқалар яхши даражада ва умид қиламанки, ушбу ташриф давомида биз муносабатларни ҳар икки томоннинг миллий манфаатлари йўлида янада кенгайтира оламиз. Қўшничилик муносабатларимизда янада хавфсизлик ва хотиржамликни таъминлаймиз. Умид қиламанки, Эрон ва Афғонистон ўртасида янада кўпроқ иқтисодий алоқалар ўрнатилади ва бу яхши маданий алоқалар, биродарлик муносабатлари кундан-кунга мустаҳкамланиб, улар икки халққа ҳам манфаатли бўлади”.
Учрашув аввалида “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Эрон делегациясини қутлар экан, Ташқи ишлар вазирининг ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатлар даражасини оширишига умид билдирди.
“Эрон ва Афғонистон икки қўшни ва мусулмон давлат бўлиб, улар доимо бир-бирларининг қайғу ва қувончларини баҳам кўради ва ташрифингиз самарали бўлишига умид қиламиз”, деган Муттақий.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” Эрон чегарасида Афғонистон фуқароларининг отилгани ҳақидаги хабарларни текширишни бошлаганини маълум қилганди. Нашрларга кўра, “Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Эрон билан чегарада афғон фуқароларининг ўлими ва жароҳат олгани ҳақидаги “миш-миш”лардан хабардор, “Толибон” ва уларнинг дипломатик вакиллари мазкур ҳодисани ўрганяпти. Эроннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ҳассан Козимий Қомий бу хабарларни рад этиб, “ишончли манбалар” билан бевосита кузатишлар натижасида даъволарга асос йўқлигини таъкидлаган. У давлатлар ноқонуний чегарадан ўтишга қарши “қонуний” чоралар кўриш ҳуқуқига эга эканини алоҳида қайд этган.