Ароқчи Эрондан Туркияга ракета отилганини рад этди

Олам

image

Аввалроқ, Эрон ҳудудидан учирилган баллистик ракета Туркия ҳаво ҳудудига кириб боргани хабар қилинган эди. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон томонидан Туркия томонига баллистик ракета учирилгани ҳақидаги даъволар асоссиз эканини билдирди. Бу ҳақда у  туркиялик мавқедоши Ҳоқон Фидан билан телефон орқали мулоқотда маълум қилди.

Қайд этилишича, Ароқчи Эрон қўшни мамлакатларга нисбатан яхши қўшничилик принциплари билан ҳаракат қилишини, Туркиянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини ва мумкин бўлган ҳодисаларни текшириш бўйича биргаликда техник ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаган.

Яқин Шарқдаги можаро кескинлашганидан буён тўртинчи ҳолат сифатида қайд этилган бу ҳодиса Шарқий Ўрта ер денгизида жойлаштирилган НАТОнинг ҳаво ҳужумидан ҳамда ракетага қарши мудофаа кучлари томонидан зарарсизлантирилган.

Туркияда Эрон ракетаси

Жорий йилнинг 4 март куни Туркия осмонида Эрондан учирилган баллистик ракета йўқ қилинганди. Шундан сўнг Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён қўшниларидан узр сўради ва ҳужумларни тўхтатишга ваъда берди. Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса Туркия осон провокация бериладиган мамлакат эмаслигини айтиб, Эронни кескин огоҳлантирди.  

Шунга қарамай, 9 март куни Эрон томонидан отилган яна бир баллистик ракета Туркия ҳаво ҳудудида уриб туширилди. Шу куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан мазкур ҳодиса юзасидан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Ароқчи Эроннинг ракетага алоқаси йўқлигини айтди. Ушбу ҳужумлардан сўнг Малатьяга Туркияда ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида Патриот ҳаво мудофаа тизими жойлаштирилиши айтилди. 

Мазкур ҳодисалардан сўнг Туркия Эрон инкор қилган ракеталарнинг учирилиш нуқтасини аниқлади. Унга кўра, жорий йилнинг 4 ва 9 март кунлари йўналтирилган ракеталар учиш масофаси тахминан 1200 километрга эга ва ҳар иккала ракетанинг учиши Теҳрон шарқидаги ҳудуддан амалга оширилган.

13 март куни Туркиянинг Адана шаҳридаги Инжирлик ҳарбий-ҳаво базаси томон йўналтирилган ва Эронга тегишли экани даъво қилинган учинчи ракета мудофаа тизимлари томонидан ҳавода йўқ қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрон Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг