Арманлар ер остига “экиб” кетган миналарнинг қанчаси тозалангани айтилди
Олам
−
05 Сентябрь 2022
3253Иккинчи Қорабоғ уруши якунлари бўйича озод қилинган Озарбайжон ҳудудларида 50 минг гектардан ортиқ ҳудуд миналардан тозаланди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Миналар билан курашиш агентлиги бошқаруви раиси Вугар Сулаймонов маълум қилди.
Сулаймонов миналардан тозалашга Миналар билан курашиш агентлигидан ташқари Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам жалб қилинганини қайд этган.
“Бугунгача 67 минг мина ва портламаган ўқ-дорилар тозаланди. Бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда”, дейди у.
Гап шундаки, Арманистон Қорабоғни босиб олганда ҳудудни тўлиқ миналаштирган. Ҳудудларда Озарбайжон қўлига ўтгач, озод қилинган жойларда бир неча бор оёқ остига жойлаштирилган миналар портлаши оқибатида кўплаб ҳарбийлар ҳалок бўлди. Арманистон эса миналанган ҳудудлар харитасини бермай келаётган эди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси