Арманистоннинг Рим статутини ратификация қилиши Россия билан муносабатига боғлиқми?

Олам

image

Арманистон Халқаро жиноят суди (ХЖС) таъсис ҳужжати – Рим статутини ратификация қилишни бошлади. Мамлакат Бош вазири Никол Пашинян буни Озарбайжон билан чегарадаги вазият кескинлашгани билан изоҳламоқда. Бу ҳақда у кеча, 11 сентябр куни маҳаллий ОАВга берган интервьюсида маълум қилди.

Пашинянга кўра, ХЖС иштироки Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз мажбуриятларини “бажармаган ва бажармаётган” шароитда Арманистон хавфсизлигини сезиларли даражада ошириши мумкин. Унинг таъкидлашича, Ереван содир бўлаётган воқеаларни эътиборсиз қолдира олмайди, шунинг учун ҳам ҳукумат қўшимча халқаро хавфсизлик воситаларини олишга уринмоқда.

“Афсуски, Россия ва Гаага жиноят суди ўртасидаги муносабатлар контекстида бу ёмон тасодиф бўлди. Ратификация жараёнининг Арманистон-Россия муносабатларига мутлақо алоқаси йўқ, бу чегарадаги таранглик билан боғлиқ”, дея тушунтирган Пашинян.
Шунингдек, Бош вазир Ереван низомни нега илгари ратификация қилмаганига изоҳ берган. Унга кўра, ўшанда республика Конституциявий суди ушбу ҳужжат ва мамлакат конституцияси ўртасидаги зидликни аниқлаган.

“2015 йилдан бери Арманистонда янги конституция мавжуд, бу зидлик йўқ бўлиб кетди ва биз ўз йўлимизда олға кетяпмиз, чунки биз бу ҳужжатни имзолаганмиз”, дейди Бош вазир.

Бундан ташқари, у Россия томонининг Арманистон ва АҚШ ҳарбийлари бирга машғулот ўтказаётгани билан боғлиқ даъволарига изоҳ берган. Маълумки, 11- 20 сентябрь кунлари 85 нафар америкалик, 175 нафар арманистонлик ҳарбий хизматчилар иштирокида Арманистонда “Eagle Partner 2023” қўшма машғулотлари бўлиб ўтади. Мазкур ҳарбий машқларнинг дараги чиқиши биланоқ Кремль воизи Дмитрий Песков машғулотлар минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бермаслигини айтган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Нью-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Россия Арманистон раҳбариятининг АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказиш ниятидан афсусда эканини билдирган. 

Пашинян эса Арманистон ва Америка ҳарбийлар ўртасида қўшма машғулотлар биринчи марта ўтказилмаётганини эслатиб, бу жараён Россия билан муносабатларга умуман боғлиқ эмас эканига ишора қилди.

“Биз бошқа ҳамкорлар билан муносабатларимиз ва мажбуриятларимизни музлатиб қўя олмаймиз, аксинча уларни нормал тарзда ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз”, деган Никол Пашинян.

Маълумот учун, Арманистон 1999 йилда Рим статутини имзолаган, аммо уни ратификация қилмаган. 2022 йил охирида ҳукумат Арманистон Конституциявий судидан Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги хатти-ҳаракатларини кўриб чиқиш учун ХЖС юрисдикциясини тан олишни сўраган. 1 сентябрь куни Арманистон ҳукумати парламентга ХЖСнинг Рим статутини ратификация қилиш лойиҳасини юборган. Ратификациядан кейин Арманистон Путинни ҳибсга олишга мажбур бўлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни ХЖС Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди. Улар Россия кучлари томонидан босиб олинган Украина ҳудудидан болаларни ноқонуний депортация қилишда айбланмоқда. Рим статутини ратификация қилган давлатлар агар Путин уларнинг ҳудудига қадам босса, Россия Президентини ҳибсга олиш мажбуриятини олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг