Арманистонда сиёсий инқироздан чиқиш учун сўнгги чорани қўллашмоқчи 

Олам 2759
image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатда 20 июнь куни муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш бўйича мухолифат билан келишувини эълон қилди. 
 

"Бугун мен "Обод Арманистон" фракцияси раҳбари Гагик Царукян билан учрашув ўтказдим. Учрашувда биз ҳозирги ички сиёсий вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли - бу муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказиш эканлигига аниқлик киритдик", деб ёзган Пашинян ўзининг Facebook'даги саҳифасида. 

Унга кўра, унинг Арманистон Президенти Армен Саркисян ва "Порлоқ Арманистон" партияси етакчиси Эдмон Марукян билан ўтказган мунозараларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатда муддатидан олдин сайловлар жорий йил 20 июнь куни бўлиб ўтади. 

Марукян Facebook'даги саҳифасида Пашинян билан телефон орқали суҳбатлашганини айтиб, сайловларни 20 июнь куни ўтказилиши унинг "Порлоқ Арманистон" партияси учун мақбул эканини таъкидлаган. 

"Обод Арманистон" фракцияси раҳбари Гагик Царукян эса Арманистонда янги Ҳукумат тузилиши мамлакатни қийин вазиятдан олиб чиқишга ёрдам беришини айтган. 

"Мамлакатни ҳозирги оғир вазиятдан олиб чиқиш учун янги Ҳукумат тузиш керак. Бунинг ягона қонуний йўли - бу муддатидан олдин парламент сайловлари", деб ёзган Царукян ўзининг Facebook саҳифасида. 

Унга кўра, ўз овозига эга бўлган халқ кейинги ҳокимиятни кимга ишониб топширишини ҳал қилиши керак. 

"20 июнь куни Арманистонда муддатидан олдинги парламент сайловлари бўлиб ўтади. Халқимизга тинчлик, Худо бизни асрасин", деб ёзган Царукян. 

Арманистондаги вазият февраль ойида, Бош штаб бошлиғининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатрян Пашинянни танқид қилганида кескинлашди. Шундан сўнг, Арманистон Президенти Армен Саркисян Пашиняннинг таклифига биноан, Бош штаб раҳбарининг биринчи ўринбосари Тиран Хачатрянни ишдан бўшатди. 25 февраль куни Арманистон армияси мамлакат Бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилди.  

Бош вазир Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ҳам лавозимидан озод этиш тўғрисида Президентга икки маротаба мурожаат юборди. 10 март куни Пашинян Гаспарян ўз лавозимидан озод қилинганини айтди, чунки Президент фармонни ўз вақтида имзоламаган ва Конституциявий судда унга қарши чиқмаганди. Арманистон Маъмурий суди эса Оник Гаспарянни мамлакат Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи лавозимида якуний қарор қабул қилингунга қадар ушлаб туришига қарор қилди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 59
Рейтинг: 3.1
t
×