Арманистонда парламент сайлови: Пашинян жиддий кучлар билан рақобат қилмоқда

Олам

image

Бугун, 20 июнь куни Арманистонда Миллий мажлисга (бир палатали парламент) муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берган. 

Қайд этилишича, бугун соат 08:00 да (Тошкент вақти билан 09:00) 2 мингдан ортиқ сайлов участкалари очилган, овоз бериш 22:00 (Тошкент вақти билан 23:00) гача давом этади. Сайловларда 25 та партия ва блоклар иштирок этмоқда. 

Сайловгача ўтказилган сўровномаларга кўра, Арманистон Вазирлар маҳкамасининг ҳозирги лидери Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси етакчилик қилмоқда. 

Хабарга кўра, Арманистон Президенти Армен Саркисян мамлакат Ёзувчилар уюшмаси биносида жойлашган 9/59 сайлов участкасида бўлиб ўтаётган сайловларда, аллақачон, овоз берган.  

Маълумот ўрнида, Арманистонда ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган сиёсий инқироз фонида Бош вазир ва парламентда вакили бўлган партиялар раҳбарлари муддатидан олдин сайловлар ўтказишга келишиб олганди. 

Жорий йилнинг 10 май куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда депутатлар парламентни тарқатиб юборишни қонуний равишда амалга ошириш учун зарур расмиятчиликларга риоя қилганди. Шундан сўнг, мамлакат Президенти Армен Саркисян муддатидан олдин сайловлар кунини 20 июнга белгилаганди. 

Никол Пашинян ва унинг ҳукумати аъзолари сайловгача вазифа бажарувчи лавозимида ишлаб келди. Унинг “Фуқаролик шартномаси” партияси бошқа кучлар билан блоклар тузишдан бош тортган ва сайловларда мустақил қатнашмоқда. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Пашиняннинг сайловдаги асосий рақибларидан бири Арманистоннинг собиқ Президенти Роберт Кочарян бўлади. У “Дашнакцутюн” ва “Қайта жонланаётган Арманистон” партиялари раҳбарлари Ишхан Сагателян ва Ваге Акопян билан биргаликда “Арманистон” блокини яратган. 

Сайловда Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Артур Ванецяннинг “Родина” партияси билан блок тузган экс-президент Серж Саргсяннинг Республикачилар партияси ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, парламент мухолифати — “Обод Арманистон” ва “Порлоқ Арманистон” партиялари ҳам сайловларда ҳеч қандай блокларга қўшилмасдан қатнашмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Арманистон

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг