Арманистонда Бош вазирни ҳақорат қилган икки мухолифатчи ҳибсга олинди (видео)

Олам

image

Арман полицияси Ереванда амалдаги ҳукумат ва Бош вазир Никол Пашинянни қаттиқ танқид қилган икки мухолифатчи, “Имнемими” подкастининг ҳаммуаллифлари ва бошловчилари Нарек Самсонян ва Вазген Сагателянни ҳибсга олди. Бу ҳақда бугун, 22 март куни Нарек Самсоняннинг адвокати журналистларга маълум қилди.

Қайд этилишича, айбланувчилар Арманистон Республикаси Жиноят кодексининг 297-моддаси 2-қисми 1 ва 3-бандлари билан қўзғатилган, Арманистон Тергов қўмитаси томонидан кўриб чиқилган жиноий иш доирасида қўлга олинган.

Самсоняннинг адвокати Рубен Меликян журналистларга маълум қилишича, мухолифатчи безориликда айбланиб ҳибсга олинган, бу эса 5 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади. Унга кўра, Самсонян ва Сагателяннинг YouTube платформасидаги “Имнемним” подкастида ҳукумат вакилларига нисбатан айтган сўзлари жавобгарликка сабаб бўлган. 

“Нарек Самсонян магнитофон ўғирлагани ёки кимгадир зўравонлик қилгани учун эмас, балки “Имнемним” подкастини ёпиш мақсадида ҳибсга олинган. Буни безорилик дейишмоқда ва одамлар қамаляпти”, деган адвокат.

Бундан ташқари, у мухолифатчилар аввал оқланган бўлишига қарамай қўлга олинган. Меликяннинг фикрича, бу сўз эркинлигига тўғридан-тўғри зарба, сиёсий репрессия. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Арманистон полицияси Бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб, кўчаларни тўсган 142 нафар намойишчини ҳибсга олган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

мухолифат Ереван ҳибс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг