Арманистон ЕИга қўшилиш учун илк қадамни ташлади
Олам
−
12 Февраль
2803Арманистон парламенти аъзолари “Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда “Armenpress” хабар берди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси мамлакатда ҳукмрон фракция томонидан маъқулланган. Ушбу қонунга мухолифат қарши овоз берган. Умумий ҳисобда 63 депутат ташаббусни ёқлаб, 7 нафари қарши овоз берган.
“Яна бир мухолиф фракция овоз беришда иштирок этишдан бош тортди”, дейилади хабарда.
Мамлакат ҳукуматига кўра, энди расмийлар Брюсселдаги ҳамкасблари билан Европа интеграцияси жараёнининг “йўл харитаси”ни муҳокама қилади, сўнгра мамлакат Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича референдум ўтказади.
Қайд этилишича, Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича қонун лойиҳасини фуқаролик ташаббуси вакили Артак Зейналян бир неча жамоат ташкилотлари номидан тақдим этган, улар қўллаб-қувватлаш учун 50 мингдан сал кўпроқ талаб қилинган имзо тўплаган. Ҳужжатда қайд этилишича, Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнининг бошланиши республикани хавфсиз ва ривожланган қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон ҳукумати ҳам мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши ташаббуси тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси