Арманистон Ташқи ишлар вазири Лавров билан “дардлашди”
Олам
−
14 Апрель 2023
4478Бугун, 14 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси доирасида Арманистон ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Сергей Лавров учрашиб, Арманистон-Озарбайжон чегараси ва Лочин йўлагидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Арманистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
“Ташқи ишлар вазирлари Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, чегараларни демаркация қилиш ва хавфсизлик масалалари, минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт алоқаларини блокдан чиқариш, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ можароси бўйича фикр алмашдилар. Арарат Мирзоян Озарбайжон қуролли кучлари томонидан 11 апрель куни Арманистон Республикасининг Тех Сюник қишлоғи яқинида содир этилган провокация тафсилотларини тақдим этди”, дейилади баёнотда.
Вазирлар Озарбайжон томонидан тўрт ойдан бери давом этаётган Лочин йўлагини тўсиб қўйилиши ортидан (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда вужудга келган вазиятни муҳокама қилган.
“2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотга мувофиқ, Лочин йўлаги блокадасини тугатиш зарурлиги таъкидланди. Учрашувда ташқи ишлар вазирлари икки томонлама кун тартибидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтдилар”, дея қўшимча қилган Арманистон ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 апрель куни Тех қишлоғи яқинида (Озарбайжон томони уни “Диг” деб атайди) отишма оқибатида ҳар икки томоннинг маълумотларига кўра, етти нафар аскар ҳалок бўлганди. Арманистон расмийлари Озарбайжон билан чегара яқинида “муҳандислик ишларини” олиб бораётган аскарлар ўққа тутилганини маълум қилди. Озарбайжон томони эса душманни Лочин йўналишидаги позицияларни интенсив ўққа тутишда айблади.
2022 йил декабрида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган ягона йўл бўлмиш Лочин йўлагини бутунлай тўсиб қўйди. Арманистон қўшинлари 2020 йилда Лочин йўналишидаги ўз позицияларини тарк этган, бир вақтнинг ўзида Россия у ерда тинчликпарвар контингентини жойлаштирган.
LiveБарчаси