Арманистон МХХнинг собиқ раҳбари Пашинянга суиқасд уюштиришда гумонланяпти

Олам

image

Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) собиқ раҳбари мамлакат Бош вазири Никол Пашинянга суиқасд тайёрлаганликда гумон қилиниб, қўлга олинди. Бу ҳақда РИА Новости гумонланувчининг адвокати Лусине Саакянга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 14 ноябрь куни Ванецян МХХ тергов бўлимига чақирилган ва ҳибсга олинган. Шунингдек, Арманистон махсус хизматларининг собиқ раҳбари ҳокимиятни эгаллаш ва қуролларни ноқонуний олиш, сотиш ва сақлашда гумон қилинмоқда. Унга қўйилаётган айбловлар орасида давлат, жамоат арбобларини ўлдиришга тайёргарлик кўриш ҳам бор.

Юристнинг сўзларига кўра, ҳокимиятни сақлаб қолишга уринаётган Ҳукуматнинг фикрлаши шу даражага етдики, Никол Пашинянга суиқасд тайёрлаш айблови “туғиляпт”.

“Буларга қонуний томонлама изоҳ беришнинг иложи йўқ. Бу ҳокимиятни сақлашга, давлатга қарши дастурларни охирига етказишга қаратилган сиёсий таъқибдир”, дея таъкидлади Саакян.

Бир неча кундан бери Ереванда норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар Тоғли Қорабоғ бўйича имзоланган тинчлик битими сабаб Пашиняннинг истеъфосини талаб қиляпти. Маълумки, Ванецян ушбу митингларда қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрда Тоғли Қорабоғда вазият ёмонлашди, баҳсли ҳудудда фаол жанглар бошланди. Баку ва Ереван 1988 йил февралидан бошлаб Озарбайжон ССР таркибидан чиққанлигини эълон қилганидан бери минтақага эгалик қилиш масаласида баҳслашмоқда. 1992-1994 йиллардаги қуролли тўқнашув пайтида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни етти вилоят устидан назоратни йўқотганди. 

9 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Ҳужжат, хусусан, Россиядан тинчликпарвар кучларни минтақага жойлаштиришни назарда тутади. Шунингдек, Озарбайжон Агдам, Ғазах, Келбажар ва Лочин туманлари устидан назоратни қўлга киритади.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғда қарийб бир ярим ой давом этган қуролли тўқнашувларда 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 8 мингдан зиёд киши жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

201

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг