Арманистон – минтақа учун асосий таҳдид – Озарбайжон ТИВ

Олам

image

Арманистоннинг 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаганлиги минтақадаги тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга асосий таҳдид ҳисобланади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Европа комиссиясининг Шарқий қўшничилик ва институционал қурилиш бўйича департаменти директори Лоренс Мередит бошчилигидаги делегация билан учрашувда маълум қилди. 

Вазир меҳмонларга можародан кейинги даврда минтақадаги мавжуд вазият, ишғолдан озод қилинган ҳудудларда амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ва қурилиш ишлари, Арманистоннинг амалга оширилган ишларга таҳдид солувчи провокациялари, шунингдек, мина хавфи ҳақида батафсил маълумот берган.  

Учрашувда Озарбайжон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) ўртасидаги турли соҳаларда, хусусан, иқтисодиёт, энергетика, сармоя, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кун тартиби, шунингдек, минтақавий вазият бўйича ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган. 

Байрамов Европа Иттифоқи билан энергия хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳақида гапирар экан, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик нуқтаи назаридан 2022 йил 18 июлда Озарбайжон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши муҳимлигини таъкидлаган. 

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг