Арманистон эски ўйинни ўйнаяпти – Баку Ереванни провакацияларнинг жавоби оғир бўлиши билан огоҳлантирди
Олам
−
30 Сентябрь 2022
2973Озарбайжон ва Арманистон ўртасида чегарадаги қуролли тўқнашувларни бартараф этиш борасида яна алоқалар олиб борилаётган, навбатдаги учрашувлар режалаштирилган ва халқаро воситачиларнинг минтақага ташрифи кутилаётган бир пайтда Арманистон эски ўйинни ўйнаб, одамларни ўзининг заиф сиёсати қурбонига айлантирмоқда. Бу ҳақда кеча, 29 сентябрь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган навбатдаги баёнотда сўз боради.
Гап шундаки, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Арманистон Ташқи ишлар вазирилиги Озарбайжон қуролли кучларининг Арманистон Республикаси суверен ҳудудида ноқонуний жойлашган бўлинмалари миномётлар ва йирик калибрли қуроллардан фойдаланиб, ўт очишни тўхтатиш тартибини яна қўпол равишда бузган ҳолда, Арманистон-Озарбайжон чегарасининг шарқий йўналишида ўт очгани ва оқибатда Арманистон томонидан уч киши ҳалок бўлгани ҳақида ахборот тарқатди.
“Бу Арманистон томонининг Озарбайжон куч ишлатишни давом эттириш ва ўзининг максималистик сиёсатини олиб бориш ниятида эканидан қўрқишини тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.
Ўз навбатида Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қуролли тўқнашувларда Арманистонни айблаб, Баку сулҳ шартларини бажармаётгани ҳақидаги гапларни “иддао” деб атади.
“Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Озарбайжон томони сулҳ режимини бузгани ҳақидаги асоссиз баёноти, шунингдек, ушбу мамлакат Бош вазирининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтида Озарбайжонга қарши сохта айбловлар Арманистон минтақадаги вазиятни кескинлаштиришни мақсад қилганидан далолат”, дейилади расмий Баку баёноти аввалида.
Озар томонининг қайд этишича, Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги аввалроқ маълум қилганидек, 28 сентябрь куни соат 18:00 атрофида Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон армиясининг Калбажар вилояти йўналишидаги бўлинмаларига қарата ўт очган ва оқибатда Озарбайжон армиясининг ҳарбий хизматчиси оғир яраланган. Шу тариқа, арман томонининг ўт очишни тўхтатиш режимини бузган ҳолда содир этган провокациясига жавобан Озарбайжон армияси тегишли чоралар кўрган.
“Арманистон томонининг анъанавий характер касб этган провокациялари олий даражадаги навбатдаги учрашув арафасида атайлаб содир бўлганига шубҳа йўқ. Эслатиб ўтамиз, Арманистон жорий йилнинг 13 сентябрь куни соат 9:00 да Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти саммити арафасида эришилган ўт очишни тўхтатиш режимини бузган ва кескинликни атайлаб ошириб, 36 соат давомида ўз провокацияларини давом эттирган. Ҳозир ҳам икки давлат ўртасида яна алоқалар бўлаётган бир пайтда, навбатдаги учрашувлар режалаштирилган ва халқаро воситачиларнинг минтақага ташрифи арафасида Арманистон худди шу ўйинни ўйнаб, одамларни ўзининг заиф сиёсати қурбонига айлантирмоқда. Бу Арманистоннинг музокара жараёнини бузиш учун навбатдаги баҳонаси эканлиги аниқ”, дейилади Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида.
Таъкидланишича, Арманистон раҳбарияти минтақадаги вазиятни кескинлаштирмаслиги, музокаралар жараёнига изоҳ қолдирмаслиги, халқаро ҳамжамиятни айблаш амалиётини тўхтатиб, музокаралар столига ўтириши керак.
“Озарбайжон Арманистондан фарқли ўлароқ, минтақада кескинлик яратишдан манфаатдор эмас. Бироқ мамлакатимизга қарши ҳар қандай провокациянинг олди олинади”, дейилади баёнот сўнгида.
Арманистон томони эса ўз баёнотида халқаро ҳамжамиятни Озарбайжоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятига самарали чоралар кўриш ва тегишли механизмларни қўллаш орқали ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя қилиш, Озарбайжон Қуролли Кучларини Арманистон Республикасининг суверен ҳудудидан олиб чиқиш учун босим ўтказишга чақирган.
“Арманистон Республикаси БМТ Низомида назарда тутилган барча воситалар ёрдамида ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда давом этади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси